Юксаклик сари

Муваффақият сабаблари

1893 Ko'rilgan Юксаклик сари

Муваффақият сабаблари

๏ Сахобаларга берилган муваффақият ҳақидаги далиллар. ๏ Истакларида фақат Аллоҳга тоат этиш муваффақиятга элтади. ๏ Муваффақият – Аллоҳнинг ваъдасига биноан берилади. ๏ Моддий қувват – муваффақият белгиси эмас. و لو كره المشركون> < هو الذى أرسل رسوله بالهدى و دين الهقّ ليظهره على الدين كلّه (سورة التوبة ) ๏ “Аллоҳ уларни ғолиб қилди, чунки улар Унинг динини барпо қилишган ва у барча динларга ғолиб бўлган, уни маҳкам ушлаганлар барча умматлар устидан ғолиб эди: “У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан – гарчи мушриклар ҳоҳламасалар-да – барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир”. (Тавба; 33-оят мазмунидан)

 

 

< و لينصرنّ الله من ينصره ، إنّ الله لقوىّ عزيزٌٌ الّذين إن مكنّهم فى الأرض أقاموا الصّلوة و ءاتوا الزّكاة و أمروا بالمعروف و نهوا عن المنكر ، و لله عقبة الأُمور >

(سورة الحج )                                                        

 

  “Албатта Аллоҳ Ўзига (яъни динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир. Уларни (яъни мусулмонларни) агар Биз ер юзига ғолиб қилсак – улар намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир)”.

                                                      (Ҳаж; 40-41 оятлар мазмунидан)

 

   Мазкур икки оятда Аллоҳ Таъоло Ўзига ёрдам берадиган кишиларни ғолиб қилишга қатъий ваъда берди ва буни ҳам лафзий, ҳам маънавий таъкид билан таъкидлади. Лафзий таъкид шуки, оятда қасам лафзи яширинган, яъни у “Аллоҳга қасамки, албатта Аллоҳ Ўзига (яъни динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур” маъносидадур, шунингдек لينصرنّ (ғолиб қилур)даги ل   ва ن ҳарфлари таъкидни ифодалайди. Маънавий таъкид шуки, “Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир” дегани – Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таъоло асло заифлашмайдиган кучли ва енгилмас қудратлидир, Унинг қаршисига чиқувчи ҳар қандай куч-қудрат заифлик ва хорликка айланади, деган маънони англатади.

   (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир) ояти муъмин кишига унинг назарида муваффақият узоқлашиб кетган пайтда барча ишларнинг оқибати ягона Аллоҳнинг измида экани, У истаган нарсасини ўзининг ҳикмати тақозосига кўра ўзгартиришга қодирлигини эслатиш билан уни собитқадам қилади.

   Мазкур икки оятда муъминларни муваффақиятга сазовор қиладиган сифатларнинг ҳам баёни келганки, муъмин киши ерда муваффақиятга эришганидан сўнг мана шу сифатлар билан сифатланади, муваффақият уни кибр, зўравонлик ва фасодга ундамайди, балки Аллоҳнинг динида қувват ва саботини яна-да зиёда қилади.

   Биринчи сифат: Ер юзида муваффақиятга эриштиришлик фақат ягона Аллоҳнинг ўзига ибодат қилиш рўёбга чиққанидан кейингина амалга ошади. Аллоҳ Таъоло айтади:

    < وعد الله الّذين ءامنوا منكم و عملوا الصّلحت ليستخفلفنّهم فى الأرض كما استخلف الّذين من قبلهم و ليمكّننّ لهم دينهم الّذى ارتضى لهم و ليبدّ لنّهم من بعد خوفهم أمنا يعبدوننى لا يشركون بى شيئا ومن كفر بعد ذلك فاولئك هم الفسقون>

(سورة النور)                                                            

   “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) ўринбосар-ҳукмрон қилганидек, уларни ҳам ер юзида ўринбосар қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини Макка кўрган) хавфу-хатарларидан сўнг (Мадинада) тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар. Ким мана шу (ваъда)дан кейин куфрона (неъмат) қилса, бас улар итоатсиз кимсалардандир”.

                                                  (Нур; 55-оят мазмунидан)

 

   ๏ Банда гап-сўзларида ҳам, амалларида ҳам, истак-ҳоҳишларида ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзига бандаликни адо қилса, улар билан Аллоҳнинг юзидан бошқа нарсани қасд қилмаса, уларни одамлар ичида обрў қозониш, мақтов эшитиш, мол-дунёга эришиш истагида қилмаса, махфию ошкор, қийинчилигу енгилчилик ҳолатларида мана шу холис ибодатида давом этса, Аллоҳ Таъоло уни ерда  муваффақиятли қилади. Демак, ерда муваффақиятли бўлиш учун юқоридаги сифатга эга бўлиш – Аллоҳнинг ўзига, биронтасини Унга шерик қилмасдан ибодат қилиш лозим бўлади.

   Иккинчи сифат: Намозни барпо қилиш, яъни уни талаб қилинганидек кўринишда, шартларини, рукнларини, фарзу-вожибларини ўрнига келтириб, сўнг ундаги суннату – мустаҳаб амалларни ҳам мукаммал бажариб, тўла-тўкис адо этиш, таҳоратни чиройли қилиш, рукуъ, сужуд, қиём, қуъудларини ўрнига қўйиш, намоз вақтларига, жумъа ва жамоат намозларига риоя қилиш, хушуъга – яъни қалб ҳозирлиги ва аъзоларнинг хотиржамлигига эътибор қаратиш лозим бўлади.

   Чунки, хушуъ намознинг руҳи ва мағзидир. Хушуъсиз намоз жонсиз жасаддек гап. Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Набий соллоллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитган экан:

“Бир банда намоз ўқийди, унга намозидан фақатгина ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, еттидан бири, олтидан бири, бешдан бири, тўртдан бири, учдан бири ёки ярми ёзилади”.

                                        (Абу Довуд, Насоий ривоятлари)

 

   Учинчи сифат: Закотни адо этиш, яъни уни ҳақдорларга чин кўнгилдан рози бўлиб, камитмасдан, тўла-тўкис, бу билан фақат Аллоҳнинг фазли ва ризосини истаб беришлик: “Закотни (ҳақдорларга) ато этадилар”, бу билан ўзларини поклайдилар, молларини тозалаб оладилар, камбағал-мискин ва эҳтиёжманд биродарларини фойдалантирадилар. Закот олишга ҳақли кишиларнинг баёни Қуръоннинг “Тавба” сурасида ўз ифодасини топган.

   Тўртинчи сифат: Амри маъруф – яхшиликка буюриш: “Яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир). Аллоҳ ва Расули буюрган барча вожиб ва мустаҳаб амаллар маъруф-яхшилик ҳисобланади. Улар Аллоҳнинг шариатини жонлантириш, Унинг бандаларига яхшилик қилиш, Унинг рахмати ва розилигига эришиш учун яхшиликка буюрадилар.

   Муъмин киши муъмин кишига нисбатан чор-атрофи бир-бирини жипс тутиб турувчи бинога ўхшайди. Муъмин киши ўзи учун Парвардигорининг тоатида туришни яхши кўргани каби муъмин биродарига ҳам буни яхши кўриб илинади. Ҳақиқий иймон ва тасдиқдан келиб чиқиб амру маъруф қилувчи киши ўзи буюраётган ишни ўзи ҳам албатта қилади. Чунки у ўша ишнинг нақд ва келажакдаги фойда ва самараларига ишонч ва қаноат ҳосил қилгани учун ҳам унга буюради.

   Бешинчи сифат: Наҳий мункар – ёмон ишлардан қайтариш: “Ёмонликдан қайтарадилар. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир)”. Аллоҳ ва Росули қайтарган, ибодат, ахлоқ ва муомалотларга тааллуқли катта ва кичик гуноҳ ишларнинг ҳаммаси мункар-ёмон иш саналади. Улар Аллоҳнинг динини асраш, Унинг бандаларини ҳимоя қилиш, фасод ва уқубат сабабларидан сақланиш учун ҳам улардан қайтарадилар.

   Аллоҳ йўллаб қўйганидек сабот, матонат ва моддий куч-қувватга эга бўлиш билан бир қаторда мазкур бешта сифат қачон рўёбга чиқса, шунда Аллоҳнинг изни билан муваффақиятга эришилади:

<وعد الله لا يخلف الله وعده ولكنّ أكثر الناس لا يعلمون، يعلمون ظهرا من الحيوة الدّنيا وهم عن الأخرة هم غفلون>

(سورة الروم)                                                           

   ๏ “(Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир. Аллоҳ Ўз ваъдасига хилоф қилмас. Лекин кўп одамлар билмаслар. Улар охиратдан ғофил-бехабар бўлган ҳолларида фақат ҳаёти – дунёнинг зоҳиринигина билурлар.”

                                                        (Рум; 6-7 оятлар мазмунидан)

 

   Шунда уммат учун унинг хаёлига ҳам келмаган Аллоҳнинг нусратлари ёғилади.

   ๏ Аллоҳнинг ваъдасига ишонган муъмин киши аниқ биладики, моддий қувватлар ҳар қанча кучли бўлмасин, уларни яратган ва пайдо қилган Аллоҳнинг куч-қудрати олдида ҳеч нарса эмасдир. Од қавми ўз куч-қудрати билан мағрур эди, дунёда биздан кўра қудратли ҳеч ким йўқ, дейишарди.

   Фиръавн Миср мулки ва остидан оқиб ўтувчи анҳорлари билан кибр-ғурурга берилган эди, Аллоҳ Таъоло уни худди ўзи мақтанганига ўхшаш сувга ғарқ қилиб юборди, унинг мулкини эса унинг наздида хор ва ўз мақсадини очиқ баён қила олмайдиган кимса деб кўрилган Мусо ва унинг қавмига олиб берди.

   Қурайш ўзининг куч-қудрати ва зўрлиги билан гердайган, зодагонлари бошчилигида ўз диёрларидан, яъни Маккадан Бадрга қараб кибру ҳаво билан ўзларини одамларга кўз-кўзлаб чиққан ва: “Ортга қайтиш йўқ, Бадрга етиб бориб туялар сўямиз, одамларимизга таомлар едириб, ароқлар ичирамиз, арабларга донғимиз кетиб, биздан бир умр ҳайиқадиган бўлишади” деб кибру-ҳаво қилишган эди. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ва асҳоблари томонидан шармандали мағлубиятга дучор бўлишди, жирканч жасадлари Бадр қудуғига улоқтирилди, то қиёмат одамлар тилида заифлик ва хорлик тимсолига айланишди.

   Биз мусулмонлар ҳозирги кунда ҳам агар муваффақият сабабларини қўлга келтирсак, диний мажбуриятларимизни адо этсак, ўзгаларга қарам эмас, балки намунага айлансак, тобеъ эмас, балки жидду-жаҳд қилувчи тиришқоққа айлансак, замонавий илм ва тараққиёт воситаларни астойдил эгалласак, шак-шубҳасиз, Аллоҳ Таъоло худди аждодларимизга бергандек шонли муваффақиятларни бизларга ҳам беради. Аллоҳ ваъдасининг устидан чиқувчи, бандасини ғолиб қилувчи ва гуруҳларни ёлғиз Ўзи мағлуб қилувчи Зотдир:

<سنّة الله الّتى قد خلت من قبل ولن تجد لسنة الله تبديلا>

(سورة الفتح)                                            

   “(Бу, яъни муъминлар зафар топиб, кофирлар мағлуб бўлиши) Аллоҳнинг йўли – суннати бўлиб, илгари ҳам ўтгандир. Аллоҳнинг йўлини эса ҳаргиз ўзгартира олмассиз”.

                                                   (Фатҳ; 23-оят мазмунидан)

- - -