Юксаклик сари

Дунёга мафтункорлик ва дунёнинг интиҳоси

2072 Ko'rilgan Юксаклик сари

Дунёга мафтункорлик ва дунёнинг интиҳоси

๏ Кишининг икки орзуси. ๏ Пайғамбар алайҳиссалом қўрққан нарса. ๏ Ер бойликларини деб рақобатлашиш. ๏ Дунёда ҳалол топиб, ҳалол сарфлашгина манфаатлидир. ๏ Молнинг уйга сиғмай қолиши. ๏ Беш ғойиб нарсалар илми. ๏ Табиатда рўй берадиган ҳодисалар ва қиёматдаги зилзила. ๏ Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: “Мен Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг “Ёши улғайган одамнинг қалби икки нарса хусусида қаримайди, бири – унинг дунёга нисбатан бўлган муҳаббати, иккинчиси – орзу-умидининг бениҳоялигидир!” – деб, айтганларини эшитдим”. (Бухоро ривояти)

Одам боласи ичи ва ташидаги кечинмаларини фақатгина Аллоҳ Табарока ва Таъологина билади. У пайғамбарига бунинг ҳақиқатини билдирди ва пайғамбар алайҳиссалом умматларига уни тавсифлаб берганлар. Одам боласининг танасида йиллар ўтгач, қарилик асоратлари кўриниб, зоҳир бўлиб бораверади. Кўзининг нури, оёғидан мадор, хотирасида эслаб қолиш ва ҳоказо ҳоллар нураб, вайрон бўлиб бораверади. Аммо икки ҳол, дунёга бўлган муҳаббати ва орзу-умидининг узунлиги асло қаримас экан. Кейинги хадисда эса икки нарса улғайишда давом этиши баён этилган.

   Анас ибн Молик ривоят қиладилар: “Росулуллоҳ соллолоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласининг ёши билан бирга икки нарса ҳам улғайиб бораведи, бири – унинг бойликка нисбатан бўлган муҳаббати, иккинчиси – узоқ умр кўриш орзусидир!” – дедилар”.

                                                        (Бухоро ривояти)

 

   Аввалги хадисда ҳам дунёга муҳаббат ҳақида сўз кетган бўлса, юқоридаги хадисда эса – узоқ умр кўришга бўлган орзу одамда зўрайиб бориши ҳақидаги ҳақиқат айтиб ўтилган. Киши гўё кўп умр кўрса, бахт ичида яшайман деб гумон қилади. Лекин умр фақат – Яратувчи зотдангина бериладиган инъом бўлиб, у ажал берган куни бу оламни тарк этиши лозим бўлиб қолади. Иш кишининг орзусига қараб бўлмайди. Қачонки Аллоҳнинг розилигига етишса, жаннатдек улуғ масканга кира олсагина у ихтиёр-орзу этган ҳоллар унга берилади.

 

   ๏ Мисвар ибн Махрама ривоят қиладилар: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳни жизя (ғайридинлардан олинадиган жон солиғи) йиғиб келиши учун Баҳрайнга жўнатдилар. Бунга қадар Росулуллоҳ Баҳрайн аҳли билан сулҳ тузиб, Ало ибн ал-Ҳазрамийни уларга амир қилиб, таъйин этган эдилар. Абу Убайда Баҳрайндан жизя йиғиб келди. Ансорлар унинг қайтиб келганидан хабар топдилар. Шу вақт Росулуллоҳ билан бирга бомдод ўқилаётган эди. Намоздан сўнг, ансорлар Росулуллоҳни қарши олган эдилар, у зот уларга қараб кулиб қўйдилар-да:

“Билдимки, сизлар Абу Убайданинг қайтиб келганини ва ўзи билан бирор нарса келтирганини эшитгансизлар!” – дедилар.

Ансорлар:

“Шундай, ё Росулуллоҳ!” – деб тасдиқлашди.

Росулуллоҳ:

“Нимаики сизни хурсанд қилса, ўшани умид қилиб, хурсанд бўлаверингиз! Мен сизларнинг қашшоқлашиб қолмоғингиздан қўрқмайман, балки қўлингизга мол-дунё тушиб, ўзингиздан илгаригилар қўлига мол-дунё тушганида унга ҳирс қўйиб, ўзаро рақобатлашганлари янглиғ рақобатлашмасангиз эди, ҳамда мол-дунё уларни тоат-ибодатдан чалғитгани каби сизни ҳам чалғитмаса эди, деб қўрққайман”, – дедилар”.

                                                        (Бухоро ривояти)

 

    Росул соллоллоҳу алайҳи васаллам умматларини дунёга берилиб, унинг сабабидан рақобатлашиб, бир-бирлари билан адоватлашишларидан қўрққанлар. Мушрик бўлиб, бирон нарсаларга сиғиниб юришдан эмас, айнан дунё бойликлари ва унинг орзу-истагида бўлиш мусулмонни ўз оғусига тортиб, бир-бирига қарама-қарши бўлишига етаклар экан. Ҳозирги замонавий ҳаётда ҳам бу башоратларнинг чин-ҳақ эканлигини гувоҳи бўлмоқдамизки, ҳатто бир ота-онадан туғилган ака-ука ва опа-сингиллар ҳам, бир-бирига биродарлик эълон қилган дўстлар ҳам мол олдида рақобат касалига мубтало бўлиб боришмоқда.

 

   ๏ Уқба ибн Омир ривоят қиладилар: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бир куни масжидга чиқиб, Уҳуд жангида шаҳид бўлганларга жаноза намози ўқидилар, сўнг минбарга кўтарилиб:

   “Мен сизлардан илгари (у дунёга) бориб, сизлар учун Ҳавзи Кавсарни тайёрлаб турғумдир, мен (у дунёда) сизларга гувоҳдирман. Мен ҳозир, Аллоҳ Таъоло ҳақи, Ҳавзи Кавсарни кўриб турибман, мен ер хазиналари калитларини (ёки ер калитларини) (сизларга) топширдим. Энди мен, Аллоҳ Таъоло ҳақи, вафот қилганимдан кейин қайта мушрик бўлиб кетасизлар деб сизлардан хавотир олмайман, аммо мен сизларнинг ер бойликларини деб ўзаро  рақобатлашмоғингиздан қўрққайман!” – дедилар”.

                                                           (Бухорий ривояти)

 

    Дунё ва ундаги неъматларнинг мусулмонга ҳам зарурлигини ҳеч ким инкор қилмайди. Лекин, унинг устида қандай тура олиш ва қандай уни сарф этиш муаммоси кўпчиликни боши берк кўчага қолишига сабаб бўлиб қолади. Қачонки киши молни ҳалол йўллар орқали топса ва ҳалол йўлларга сарф этсагина у ширин ҳаёт кечиришга эришади.

   ๏ Абу Саъид ал-Худрий ривоят қиладилар: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:

“Мен кўпроқ Аллоҳ Таъоло ердан сизларга чиқариб берадиган барокат хусусида сизлардан хавотир оламан”, – дедилар.

 Шунда:

“Ер барокати нима у?” – деб сўрашди.

Росулуллоҳ:

“Дунё лаззатларидир”, – дедилар.

Бир одам:

“Яхшилик ҳам ёмонлик келтирадими?” – деди.

 Росулуллоҳ шу қадар жимиб қолдиларки, ҳатто биз у зотга ваҳий нозил бўлаяптимикан деб хаёл қилдик. Сўнг, пешоналарини арта туриб: “Бояги савол берган одам қаерда?” – дедилар.

 У:

“Шу ердаман”, – деди.

Биз Росулуллоҳ унинг саволига жавоб топганларини кўриб, Аллоҳ Таъолога ҳамд айтдик. Росулуллоҳ:

   “Яхшилик фақат яхшилик келтиради! Бу мол-дунё деган нарса ҳайвоннинг кўзини ўйнатадиган ям-яшил ва ширин ўт-ўлан янглиғ инсонга жилва қилади. Ариқ бўйида унга ҳар қандай ўт-ўлан, гар ҳайвон уни очкўзлик қилиб ҳаддан зиёд еб юборса, ўлдиради ёки ўлгандин берироқ қилади. Шундай қилган ҳайвон бўкканидан ичи ўтиб, бавл қилиб, офтобда кавшаниб ётади, сўнг кўзи очлик қилиб, яна қайта бориб ейди. Бу мол-дунё деган нарса ҳалол топиб, ҳалолга сарф қилгувчи одамгагина ширин тотиб, ҳузур бахш этади. Аммо, уни харом йўл билан топувчи одам ўша очкўз ҳайвон кабидир!” – дедилар”.

                                                       (Бухорий ривояти)

 

   Дунёнинг ҳаёти бардавом эмасдир. У ҳам бошқа маҳлуқлар каби ўз палласи ва муддатига етгач харобаликка юз тутади. Дунё тугаб бориши арафасида унинг устида баъзи ҳолатлар вужудга келадиким, қиёмат аталмиш куннинг яқинлашуви ўша ҳодисаларнинг ортида бўлади.

    ๏ Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Илм (ислом илми) бутунлай йўқ бўлмагунча, зилзила кўпаймагунча, вақт (умр) тез ўтадиган бўлмагунича, фитна ва гуноҳлар ошкора қилинадиган бўлмагунича қиёмат бўлмайди. Қиёматга яқин шунчалик бойиб кетасизки, ҳатто мол-дунёингиз (уйингизга) сиғмай кетади”, – дедилар.

                                                       (Бухорий ривояти)

 

    Инсон боласи ўзига ғайб қилиб, беркитиб қўйилган нарса ва ҳодисаларни асло билмайди. Нафақат қиёматни қачон бўлишини, балки бошқа нарсаларнинг ҳақиқатини ва қачон аниқ бўлишини ҳам билмайди. Чунки, у нарсалар ғойиб аталмиш парда ортига яширилгандир. Инсоннинг на ақли ва на билими уни қамраб ололмас.

   ๏ Ибн Умар ривоят қиладилар: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ғойиб (инсон билолмайдиган) нарсалар бешта бўлиб, уларни Аллоҳнинг ўзигина билур, холос. Улар қуйидагилар:

  1. Эртага не бўлишини билмас;
  2. Ҳомиланинг ўғил ёки қиз эканини билмас;
  3. Эртага қайси ердан ризқини топиб ейишини билмас;
  4. Қайси ерда ўлишини билмас;
  5. Ёмғир қачон ёғишини билмас”, – дедилар”.

                                                      (Бухорий ривояти)

 

   ๏ Оиша онамиз ривоят қиладилар: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Қуёш тутилган куни намоз ўқидилар. Ўринларидан туриб, аввал такбири таҳрима айтдилар, сўнг Сураи “Фотиҳа”ни ўқиб, унга узун бир сурани зам қилдилар. Кейин, узоқ рукуъ этдилар, сўнг “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳу” деб қадларини ростладилар, кейин аввалгидан кўра қисқароқ қироат қилдилар, сўнг узоқ сажда қилдилар. Иккинчи ракатда ҳам шундоқ қилдилар, сўнг салом бердилар. Қуёш тутилиб бўлгач, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам одамларга хутба айтдилар. Жумладан, Қуёш ва Ойнинг тутилиши тўғрисида шундоқ дедилар:

   “Қуёш билан Ой Аллоҳнинг қудратини кўрсатувчи иккида далилдир. Улар бирор кишининг ҳаёти ёки вафоти туфайли тутилмайди. Агар ким уларнинг тутилганини кўрсангиз, намоз ўқингиз!”.

                                                            (Бухорий ривояти)

 

< إذا زلزلت الأرض زلزالها ، وأخرجت الأرض أثقالها ووقال الإنسان ما لها يومئذٍ تحدث أخببارها بأنّ ربّك أوحالها يومئذٍ يصدر الناس أاشتاتًا ليروا أعمالهم >

(سورة الزلزل )                                                         

 

   “Қачон ер ўзининг (энг даҳшатли) зилзиласи билан ларзага тушганида. Ва ер (ўз бағридаги хазина-ю дафиналардан ва инсон жасадларидан иборат) “юк”ларини  (юзага) чиқариб ташлаганида. Ва (ҳаётлик пайтида қайта тирилишни инкор қилгувчи бўлган) инсон (қайта тирилганидан даҳшатга тушиб: “(Ерга) нима бўлди ўзи?” деб қолганида – Ана ўша Кунда ер, Парвардигорингиз унга ваҳий қил(иб, сўзлашга буюр)гани сабабли ўз хабарларини сўзлар! Ўша Кунда одамлар, уларга, (қилиб ўтган амаллари)нинг жазо ёки мукофотлари) кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар!”

                                                    (Залзала; 1 – 6 оятлар мазмунидан)

- - -