Юксаклик сари

Қиёматда сўралувчи – илк амал

4261 Ko'rilgan Юксаклик сари

Қиёматда сўралувчи – илк амал

๏ Ўн икки ракат намоз қайсилар? ๏ Бомдоднинг икки ракат суннатидан сўнг гаплашса жоизми? ๏ Тонг отганидан сўнг қандай намоз бор? ๏ Фарз намозига иқомат айтилса, бошқа намоз ўқиш мумкинми? ๏ Бомдоднинг икки ракат суннатини ўқий олмаганнинг вақти. ๏ Пешинга қўшиб ўқиладиган суннатларга далиллар. ๏ Шомга қўшилиб ўқиладиган икки ракъат ҳақида. ๏ Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтдилар: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Кимки ўн икки ракат суннат намозида бардавом бўлса, Аллоҳ унга Жаннатдан бир уй бино қилур: пешиннинг фарзидан олдин тўрт ракат ва фарзидан кейин икки ракат; шомнинг фарзидан кейин икки ракат; хуфтоннинг фарзидан кейин икки ракат; бомдоднинг фарзидан олдин икки ракат”.

     Пайғамбар алайҳиссалом билан жуфт бўлиб яшаш бахтига насиб бўлган Оиша онамиз пайғамбаримиздан кундалик ўқиладиган беш вақт намозларга қўшимча қилиб, ўқиладиган суннатларнинг мукофоти ҳақидаги хадисни айтиб берганлар. Улар аср намозидан бошқа ҳаммасида мавжуд намозларки, уларнинг адади қўшилганда роппа-роса ўн икки ракат бўлади.

   Киши агар шу оламнинг ўзида тайёр, битказилган уй-жой эмас, балки уй қуриш учун алоҳида беш сотих қақраган ердан бўлса ҳам, ер томорқаси ажратилса, суюнганидан танасига сиғмай қолади. Агар битказилган, жиҳозлари мавжуд бўлган ҳовли берилса эса, ҳушидан оғай дейиш арафасига дуч келади. Аммо бу ишдан инсон қанчалик шод-хуррам бўлмасин, ўша етишган ер томорқасидан ҳам, жиҳозлари билан қўша берилган ҳовли-жой ҳам вақтинча фойдаланиш манзилидир холос. Унинг ичида яшаш даврининг ўзидаёқ баъзи-бир ҳаёт ва турмуш чигалликларини кўриб, ғамланишга тўғри келади. Оғриқ-касалликлар ва қайғу аталмиш бошқа ташвишлар ҳам бор.

    Лекин, ўн икки ракат суннатни муҳофаза қилиб, уни доимий адо қилиб юрган кимса эса абадий ва оғриқ-ташвишлари умуман йўқ бўлган, аксинча рохат устига рохат бўладиган жаннатда уй бино бўлишига эришади.

 

   ๏ Оиша (розияллоҳу анҳо) дан ривоят қилинди; айтдилар: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бомдоднинг икки ракатини ўқиганларида, мен билан бирор ҳожатлари бўлса, гаплашар эдилар,бўлмаса, намозга чиқар эдилар”.

    Киши бомдоднинг суннатини уйида ўқиши пайғамбар феълларидан бўлган бир феълга эътибор ҳисобланади. Уни уйда адо қилгандан сўнг бир муҳим иш сабабли гаплашишим мумкинми деган кимса учун юқоридаги хадис таълимоти бўйича, эҳтиёж сабабидан бўлса, унинг жоиз эканлиги васф этилмоқда. Эҳтиёж бўлмаса кишининг тили зикр билан машғул бўлгани яхши.

 

 ๏ Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди; “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Тонг (отгани)дан кейин икки саждадан бошқа (яъни икки ракат суннатдан бошқа) намоз йўқ”.

    Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам нафл намозларни ўқишни ниҳоятда хуш кўрганлар. Сафарга кетаётганларида уловларининг тепасида ҳам намоз билан машғул бўлганлари маълум. Сафардан қайтсалар ҳам биринчи қиладиган амаллари намоз эди. Аммо бомдодга азон айтилгач, тонг бўлган паллада эса бомдоднинг икки ракат суннатидан бошқа намоз мавжуд эмасликларини айтганлар. Суннатдан кейин эса фарзгача бошқа намоз ўқимаганлар, балки ўнг тарафига ёнбошлаган эканлар.

 

   Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Сизлардан биронтангиз бомдод намозининг икки ракат (суннат)ини ўқиса, ўнг томони билан ёнбошласин”.

   Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозининг икки ракъат (суннат)ини уйда ўқиганларидан кейин ўнг томонларига ёнбошлаганлари Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган. Айрим илм аҳллари шуни мустаҳаб кўришадилар.

 

  ๏ Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Намозга иқомат айтилганида фарздан бошқа намоз йўқ”.

   Мусулмон кишининг эътибор қаратиб ўтайдиган амали – намоздир. Айниқса уни масжидда жамоат билан қойим қилиш эса даража ортишининг негизи ҳисобланади. Баъзида киши жамоатга қўшилиб намоз ўташни ният қиларкан, масжидда фарз намозига иқомат такбири айтишга оз фурсатлар қолган бўлади. Намозхон агар пешинда ёки бомдодда бўлса дарҳол фарздан олдинги суннатни ўқиб олмоқчи бўлади. Лекин у суннатни бошласа жамоат фарзни ўқишни бошлаб юбориши мумкин. Шу паллада иқомат айтилар экан, дарҳол имом ортидан иқтидо қилиб, намозга эргашмоқ зарурдир.

   ๏ Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Кимки бомдод намозининг икки ракат (суннат)ини ўқий олмай қолса, қуёш чиққанида ўқиб олсин”.

   Кишининг улгура олмаслиги агар бомдоднинг суннатига мувофиқ келиб қолса, уни то қуёш баралла уфқдан чиқиб олгунича ўқимагани маъқул эканки, суннат қуёш чиққач ўталиши юқоридаги хадисдан маълум бўлмоқда. Баъзи намозхонлар дарҳол фарзга салом берилгандаёқ қолдирилган бомдоднинг икки ракат суннатини ўқишга чоғланиб қолади. Айрим уламолар аср адо этилгач ва бомдоднинг фарзи ўқилиб бўлган пайтларни зикр вақтлари деб изоҳлаганлар.

 

   ๏ Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтдилар: “Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам пешиннинг фарзидан олдин тўрт ракат ва (фарзидан) кейин икки ракат (намоз) ўқир эдилар”.

   Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди: “Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам пешин намозининг фарзидан олдин тўрт ракат намозни ўқий олмай қолсалар, бу тўрт ракатни фарздан кейин ўқир эдилар”.

   Умму Ҳабиба (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтди: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Кимки пешиннинг фарзидан олдин тўрт ракъат намоз ўқиса, Аллоҳ уни жаҳаннам олови учун ҳаром қилгайдир”.

   Ҳар-бир намознинг ажри бор, суннат намозларнинг ҳам. Умму Ҳабиба онамиз айтаётган хадисда пешиннинг олдидан ўқиладиган тўрт ракат суннатнинг ортидан берилажак мақом васф этилмоқда. Пешиннинг аввалги тўрт ракатли суннатини ўқиган намозхон – жаҳаннам оловидан нажот топиш мавқеига етишадиган савбга эришади. Намозларни доим интизом ва хушуъ билан ўқиб юриш, уларнинг ажрларига етишиш учун меҳнат қилиш ўзининг мусулмон эканлигига амалий ёндошмоқчи бўлган кишига осон кечади. Охиратга ишончи йўқ, намозга ҳуши йўқ инсонлар эса суннат намози тугул фарз намозларини ҳам ўқишдан бош тортишади. Натижада ўзларининг қиёмат куни илк сўраладиган ва энг муҳим бўлган сўровга тайёргарликсиз, қуруқ қўллари билан боришади.

   ๏ Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: “Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга шомнинг фарзидан кейин у кишининг уйларида икки ракат намоз ўқидим”.

   Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу сахобалар ичидаги ёш сахобалардан бўлиб, бўйдоқлик пайтларида Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида ётиб юрар, кўп илм ва кўп амалларнинг шоҳиди бўлган эдилар. У киши бошқа сахобалар қатори пайғамбар алайҳиссаломни жуда яхши кўрардилар. У кишининг ҳар-бир амалини, сўзларини синчиклаб бажарарди. Бу ўринда эса у киши Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шом намозининг уч ракат фарзидан кейин икки ракат суннат ўқиганини ривоят қилиб берганлар

- - -