Юксаклик сари

Итоат – парокандаликка тўғон

2291 Ko'rilgan Юксаклик сари

Итоат – парокандаликка тўғон

๏ Итоатнинг юксакликка бўлган таъсири. ๏ Иброҳим ва ўғли Исмоил алайҳиссаломларнинг итоатлари. ๏ Итоат этмаслик ортидан келган мусибат ๏ Аллоҳга итоат этган пайғамбарга ҳам итоат этиши зарур! ๏ Ҳақиқий итоат қай ҳолатдаги итоат ҳисобланади? ๏ Низоли иш палласида итоатли кимса тутадиган иш. ๏ Яхши ва ёмон аҳволда ҳам итоат лозимдир. ๏ Мусулмонни мусулмон бўлиш йўлидаги энг муҳим қадамларидан бўлган қадами – унинг итоатидир. Итоат сабабли киши олий чўққилар сари даражотлари кўтарилишга қараб юради. Итоат – Аллоҳгадир. Итоат – Аллоҳнинг элчиси, пайғамбаргадир. Итоат – Аллоҳ ва росулининг йўлига чорлаётган ҳақгўйнинг ҳақ сўзигадир. Итоат – ота ва онанинг шаръий буйруқларигадир. Итоат – аёл учун эрининг шаръий буйруқларигадир.

๏ Анбиёлар инсонлар ичида итоатнинг энг гўзал намуналарини кўрсатишга муваффақ бўлган энг сара инсонлардир. Улар Аллоҳга итоат қилиш олдида бошқа амалларни назарларига илмадилар. Улар учун энг муҳим ва энг долзарб амал – Роббиларининг амру-фармонларига бўйсуниб, итоат этиш бўлди. Кексалик ёшида боласиз одамнинг фарзанд топишининг ўзи – оламшумул воқеалар сирасидан бўлишига қарамасдан, Иброҳим Холилуллоҳ ўзига ато этилган Исмоилни забх қилишга чоғланишининг ўзи – Робб Таъолога бўлган фидокорони итоатидир.

< فبشرنه بغلم حليم فلما بلغ معه السعى قال يبنى إنى أرى فى المنام أنى أذبحك قانظر ماذا ترى قال يأبت افعل ما تؤمر ستجدنى إن شاء الله من الصبرين فلما أسلما و تله للجبين و ندينه أن يإبرهيم قد صدقت الرئيا إنا كذلك نجزى المحسنين إن هذا لهو البلؤ المبين و فدينه بذبح عظيم و تركنا عليه فى الأخرين سلم على إبرهيم كذلك نجزى المحسنين >

(سورة الصافات)                                                                                 

 

    “Бас Биз унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик. Энди қачонки у (бола Иброҳим) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): “Эй ўғилчам, мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй-фикр қилишингни бир ўйлаб кўргин”, деган эди. У айтди: “Эй отажон, сенга (тушингда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилгин. Иншооллоҳ мени сабр қилгувчилардан топурсан”. Бас қачонки иккиси ҳам (Аллоҳнинг ваҳийсига) бўйинсуниб, (энди Иброҳим ўз ўғли Исмоилни қурбон қилиш учун) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики, Биз унга нидо қилдик: “Эй Иброҳим, дарҳақиқат сен (кўрган) тушингни рост-бажо қилдинг”. Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз. Албатта бу (яъни Иброҳимнинг ўз ўғлини қурбон қилишга буюрилиши) очиқ-равшан имтиҳондир холос. Биз (Исмоилнинг) ўрнига (Иброҳимга) катта бир (қўчқор) сўйишни – қурбонликни эваз қилиб бердик (яъни катта бир қўчқорни жаннатдан туширдик). Ва кейинги (авлод)лар орасида (Иброҳим) ҳақида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик. Иброҳимга салом бўлгай. Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз. Дарҳақиқат у Бизнинг муъмин бандаларимиздандир.

                                           (Вас-соффат; 101 – 111 оятлар мазмунидан)

 

   Шайтони-лаъин одам боласига ҳар-хил шубҳалар олиб келиб, итоатдан юз ўгиртиришга жидду-жаҳд қилиб тиришади. Қалби иймонга безанган инсон шайтоннинг найрангларига алданиб, заиф бўлмай итоат сари пешвоз чоғланишга киришади. Юқоридаги ота-бола пайғамбарлар қиссаси итоатнинг Аллоҳга бўлган мисли кўрилмаган даражада бўлганини англатмоқда. Нега Иброҳим алайҳиссалом тушида кўрган ишни ўнгида қилмоқчи бўлди?! Тафсирчилар таъбири билан айтганда, пайғамбарларнинг тушлари ҳам баъзида ваҳий вазифасини ўтаган.

   Демак, Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғли Исмоил алайҳиссаломни забх этаётганини кўриши унга ваҳий тарзида амри илоҳий бўлганлиги учун бу ишни ўғлига айтганлар. Ўғил ҳам солих фарзандлардан бўлгани учун дарҳол Аллоҳнинг амри илоҳийсига итоат қилишга шошди ва отасининг олдидаги энг итоаткор зурриётга айланди. Энди тафаккур қилиб кўринг, итоат учун жонни бериш, ҳаётини бериб ажраш ҳаммага ҳам насиб бўлажак амалми?! Суюкли отанинг олдида, унинг қўлида жон таслим қилишдек қисматга кимлар рози бўла олади?!

   Умр ўтиб, қарилик эшикни тақиллатиб қолган паллада, кўзининг қувончи бўлган боласини оёғи остига олиб, бўғзига пичоқ солиб, уни сўйиб юбориш учун қанчалар итоат бўлишлик зарурлигини баданингизда ҳис қиляпсизми?! Исмоил алайҳиссалом фарзанд бўлганда ҳам шундай гўзал итоатли бола эдики, узоқ йиллар кўрмаган отасининг олдидан нари кетмас, унинг ортидан соя каби эргашиб, жон қулоғи ила унинг сўзларини тинглайдиган, энг оқибатли қарзанд эди. Дунёдаги энг оқибатли, нима деса “хўп бўлади отажон”, дейдиган фарзанддан жудо бўлишни тасаввур этяпсизми?! Ўша имтиҳон кимга ва нима учун берилди?! Айнан Иброҳим алайҳиссаломга ва ва ўғилларига айнан итоатларини имтиҳон қилиш учун берилди. Аллоҳга хамдлар бўлсинки, ўша имтиҳондан муваффақиятли чиқишни Аллоҳнинг ўзи насиб айлади. Иброҳим алайҳиссалом – Аллоҳ мақтаган кимса бўлишга эришди.

< و من يرغب عن ملة إبرهيم إلا من سفه نفسه و لقد اصطفينه فى الدنيا و إنه فى الأخرة لمن الصلحين إذ قال له ربه أسلم قال أسلمت لرب العلمين >

(سورة البقرة)                                                                          

   “Иброҳимнинг динидан фақат енгилтакларгина юз ўгирадилар. Ҳақиқатан дунёда уни танлаб олдик ва у охиратда шубҳасиз солиҳ (яқинларимиздан)дир. Эсланг: Парвардигори унга: “Бўйунсин!” – деганида: “Бутун оламлар эгасига бўйунсиндим”, деди.”

                                             (Бақара; 130-131 оятлар мазмунидан)

 

   ๏ Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида, у кишига итоат қилмаган кимсалар эвазига мусулмонлар устларига тушган мағлубиятнинг ўзи – итоат иши ниҳоятда муҳим эканлигини билдиради. Кимки итоатда собит-барқарор бўлса, дунёда ҳам охиратда ҳам ютуқ эгаси бўлишида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Ухуд аталмиш мухорабада тепаликда туриши лозим бўлган кимсаларнинг росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини инобатга олмай пастга тушишлари оқибатида нақд бўлиб турган ғалаба мағлубиятга ва талафотларга олиб келди.

< و قد صدقكم الله وعده إذ تحسونهم بإذنه حتى إذا فشلتم و تنزعتم فى لأمر و عصيتم من بعد مآ أركم ما تحبون منكم من يريد الدنيا و منكم من يريد الأخرة ثم صرفكم عنهم ليبتليكم و لقد عفا عنكم و الله ذو فضل على المؤمنين إذ تصعدون و لا تلون على أحد و الرسول يدعوكم فى أخركم فأثبكم غما بغم لكيلا تحزنوا على ما فاتكم و لا مآ أصبكم و الله خبير بما تعملون >

(سورة آل عمران)                                                                              

 

 “Аллоҳ ўз ваъдасининг устидан чиқди – сизлар Унинг изни билан кофирларни қира бошладингиз. То сускашлик қилиб, (пайғамбар алайҳис-саломнинг) амру фармонлари борасида талашиб-тортишган ва Аллоҳ сизлар яхши кўрган нарсани (яъни ғалабани) кўзингизга кўрсатиб қўйганидан кейин пайғамбарнинг амридан бош тортган пайтингизгача (бу устунликларингиз давом этди). Орангизда дунё истаган кишилар ҳам, охират истаган кишилар ҳам бор эди. Сўнгра сизларни имтиҳон қилиш учун уларнинг (устидан ғалаба қилиш ўрнига мағлубият томонга) буриб юборди. Энди гуноҳларингизни авф қилди. Аллоҳ иймон эгаларига фазлу марҳамат соҳиби бўлган зотдир. (Эй муъминлар), ҳеч кимга боқмай (жанг майдонидан) чиқиб кетган пайтингизни эсланг! Ҳолбуки пайғамбар ортингизда сизларни чорламоқда эди.”

                                              (Оли-Имрон; 152-153 оятлар мазмунидан)

 

    Демак, итоат бўлмаса пайғамбар соллоллоҳу алайҳи валлам ҳаётлигида ҳам итоатсизликдан ҳосил бўладиган мусибат аламини тотишлик бўлиб ўтган. Бу ҳол доим мусулмон учун пайғамбарга осий бўлмасдан, унинг насиҳатларига жон қулоқ билан тинглашни йўлга қўйиш муҳимлигини уқтиради. Ҳаёт тажрибасининг ўзидаёқ пайғамбар алайҳиссаломнинг сўзлари эътибори билан иш кўрган кимсалар фақат рўшнолик ичида, охиратларига зиён етказмасдан яшашда давом этганларининг гувоҳи бўлиш мумкин. Итоат – айнан итоат қилувчининг ўзига, оила-хонадонига ва жамиятига манфаат келтириб, саодатли яшаш мавқеини беради холос.

   Ҳаёт ичида пайғамбар алайҳиссаломнинг сўзларига риоя қилиб, итоат билан яшаш илм аҳллари ва қавм катталари томонидан айтиб келинган бўлсада, ҳамма ҳам унга лаббай деб, итоатни маҳкам тутган эмаслар. Чунки шайтон ҳам бекорга қўлини қовуштириб ўтиргани йўқ, у ўзининг иши бўлган адаштиришни ва ёлғон ваъдалар беришни ҳамон давом эттирмоқдаки, унинг сароб бўлган васвасаларига “лаққа” тушган одамлар итоат ўрнига, итоатга чорлаган анбиёларни мазахлаб, уларга машаққат ва озорлар етказишга тушган. Итоат қилишни тарк этишиб, вақтинча бу ҳаёт ичидаги маишатга берилиб, жиноят эшигини қоқишга ўтган.

 

< و اصبر فإن الله لا يضيع أجرى المحسنين فلو لا كان من القرون من قبلكم أولوا بقية ينهون عن الفساد فى لأرض إلا قليلا ممن أنجينا منهم و اتبع الذين ظلموا مآ أترفوا فيه و كانوا مجرمين و ما كان ربك ليهلك القرى بظلم و أهلها مصلحون >  

                                                                  (سورة هود)           

 

   (Эй Муҳаммад, машаққат ва озорларга) сабр қилинг! Зотан, Аллоҳ чиройли амал қилгувчиларнинг ажр-мукофотларини зое этмас. Бас, сизлардан аввалги асрларда ўтганлар орасида ҳам ерда бузғунчиликдан қайтарадиган боқий (дин) эгалари бўлганларида эди. Уларнинг ичларида фақат Биз нажот берган камдан-кам кишиларгина (шундай зотлар эдилар). Золим кимсалар эса ўз маишатларига берилиб кетдилар ва жиноятчи бўлиб қолдилар. Парвардигорингиз у шаҳарларнинг ўзларини тузатиб (ҳақ йўлга юрган) аҳолисини зулм билан халок қилган эмасдир.

                                   (Ҳуд; 115-117 оятлар мазмунидан)

 

   ๏ Робб Таъолога доимий итоатда барқарор бўлган кимса набий алайҳиссаломга ҳам итоатда маҳкам бўлади. Натижада у ўзини тузатиб, ислоҳ этишга тушади. Энди эътибор берилса, ўзини тузатиб, ўнглаган кимсани Аллоҳ ҳалок қилиб, унга жазо юбормайди.

   Қачонки, киши итоатдан воз кечиб, юз ўгирса бадбахтлардан бўлади. Бадбахт кимсалар эса Роббнинг суйувидан бенасиба бўлади.

< قل أطيعوا الله و الرسول فإن تولوا فإن الله لا يحب الكفرين >

(سورة آل عمران)                                                                              

 

    “Айтинг: “Аллоҳ ва пайғамбарга итоат қилингиз!” Агар юз ўгирсалар, бас, албатта Аллоҳ (бундай) динсизларни севмас.”

                                                   (Оли-Имрон; 32-оят мазмунидан)

 

   ๏ Итоат ҳар-бир кимсада рўй бериши мумкин. Аммо итоат қачон ҳақиқий итоат ҳақиқатини беради?! Бу саволимизга қуйидаги уч ҳолатдан келиб чиқиб жавоб топишимиз мумкин.

Биринчи ҳол; киши кимдандир, қандайдир ҳолатдан қўрқса, ўша қўрқуви сабаб вужудга келиши мумкин бўлган итоат.

Иккинчи ҳол; киши кимдандир бирон ҳолни ва ишни тамаъ қилиши сабаб вужудга келадиган итоат.

Учинчи ҳол; киши кимгадир фақат ҳақлиги сабаб ва ўша иш ортидан фақат Робб Таъолодан ажрланишига илҳақ бўлгани учун ҳосил бўладиган итоат.

    Энди биринчи ҳолга мисол келтириб ўтайлик. Киши биров унга таҳдид солиб, “мана бу ариқни ковла, бўлмаса бу ариқдан сув ичишдан маҳрум бўласан”, деса ўша таҳдид туфайли содир бўлган қулоқ солув – асли итоат эмасдир. Чунки, у қилган иш сидқидилдан ва меҳрдан қилинаётган амал ҳисобланмайди.

    Иккинчи ҳолга мисол; киши кимдандир бирон ҳол ва ишни тамаъ қилиб, “мана бу ариқни ковласанг, сенга яна фалон сондаги дарахтлари бор боғ бераман” дегани учун, унга қулоқ тутиб, иш бошласа – у ҳам ҳақиқий итоат эмасдир. Чунки, унинг ариқ ковлашида, у итоат этаётган одамдан нимадир ундириш тамаъси мавжуд бўлаяпти.

   Учинчи ҳолга келсак; кишига агар “мана бу ариқни ковласанг, одамлар, жониворлар ва ўсимликлар ҳам манфаатланади, ажру-мукофотга эришасан” дейилгани боиси, ўша ишга киришган инсон ҳақиқий итоатни топган инсон ҳисобланади.

   ๏ Низоли бўлиб қолган ишларни шариатга ҳавола қила олган кишининг  итоати – итоатнинг муҳим ўрнидан ҳисобланади. Итоатли кимса ўша ечимга сидқидилдан рози бўлиб, уни бажонидил қабул қилади.

< يأيها الذين ءامنوا أطيعوا الله و أطيعوا الرسول و أولى الأمر منكم فإن تنزعتم فى شيء فردوه إلى الله و الرسول إن كنتم تؤمنون بالله و اليوم الأخر ذلك خير و أحسن تأويلا >

(سورة النساء)                                                                                    

 

   “Эй муъминлар, Аллоҳга итоат, қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) иш бошиларга бўйинсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, – агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз – у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир.”

                                                   (Нисо; 59-оят мазмунидан)

 

< إنما كان قول المؤمنين إذا دعوا إلى الله و رسوله ليحكم بينهم أن يقولوا سمعنا و أطعنا و أولئك هم مفلحون و من يطع الله و رسوله و يخش الله و يتقه فأولئك هم الفآءزون >

(سورة النور)                                                                          

 

   “Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида муъминларнинг сўзи “эшитдик ва бўйинсундик”, (дейишдир). Ана ўшаларгина нажот топгувчилардир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига бўйинсунса ва Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилса бас ана ўшаларгина (бахт-саодатга) эришгувчилардир.”

                                                    (Нур; 51-52 оятлар мазмунидан)

 

    ๏ Одамнинг итоати яхши кунда ҳам ёмон кунда ҳам бир хилда бўлишлиги жуда ҳам зарурдир. Қачон шодлик ва кенглик кеганда итоат этса, лекин торлик ва қайғуга ботганда итоатни йиғиштириб қўйса, итоатни ўз ўрнига қўймаган ношуд инсон бўлиб қолади.

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоятларидаги хадисда, набий соллоллоҳу алайҳи васаллам деганлар:

“Сен қийинчиликда ҳам, осонликда ҳам қулоқ солишинг ва итоат этишинг лозим...”

                                         (Муслим ривояти)

 

   Ким пайғамбар сўзидан келиб чиқиб, итоатга келса яхши. Чунки Аллоҳ ва росулига итоат қилган кимса, ўзи учун фойдали ишни қилган бўлади. Ўзининг итоатига ўзи муҳтождир. У биров учун итоат қилиб бермайди, ҳатто пайғамбар учун ҳам.

< مآ أصاب من مصيبة إلّا بإذن الله ، ومن يؤمن بالّله يهد قلبه والله بكلّ شىءٍ عليمٌٌ و أطيعوا الله و أطيعوا الرسول ، فإن تولّيتم فإنما على رسولنا البلغ المبين >

( سورة التغابن )                                                       

   “(Бирон кимсага) бирон мусибат етмас, магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (етур). Ким Аллоҳга иймон келтирса, У зот унинг қалбини (тўғри йўлга) ҳидоят қилур. Аллоҳ барча нарсани билгувчидир. Аллоҳга итоат этингиз ва пайғамбарга бўйсунингиз! Энди агар (итоатдан) бош тортсангиз, у ҳолда (билингизки), пайғамбаримиз зиммасида фақат (Бизнинг ваҳийларимизни сизларга) очиқ-равшан қилиб етказиш бор, холос.”

                                                  (Тағобун; 11-12 оятлар мазмунидан)

 

   Итоат инсоннинг тоқати етмайдиган даражадаги амалларга чақирмайди. Балки итоат ҳам куч ва қувват етадиган, тоқатли ишлардагина талаб этилган холос.

 

< فاتّقوا الله ما استطعتم واسمعوا وأطيعوا  و أنفقوا خيرًا لأنفسكم ، ومن يوق شحّ نفسه فأُولئك هم المفلحون>

( سورة التغابن )                                          

   “Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар, (ўзларингизга қилинаётган панд-насиҳатга) қулоқ тутинглар ва итоат этинглар ҳамда инфоқ-эҳсон қилинглар, (мана шу) ўзларингиз учун яхшироқ бўлур. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчидирлар.”

                                                  (Тағобун; 16-оят мазмунидан)

 

    Роббга ва унинг росули Мухаммад соллоллоҳу алайҳи васалламга итоат қилган ва ўша итоатлари остида умр кечириб ўтган инсонлар жуда ҳам бахт ичида яшашга насибадор бўладилар. Улар итоатлари туфайли уч тоифа энг саодатли кимсалар билан бирга бўлиш бахтига эришадилар. Итоатли кимсалар бирга бўладиган саодатли кишилар қуйидаги тоифадаги кимсалардир:

  1. Анбиёлар;
  2. Сиддиқлар
  3. Шаҳидлар;
  4. Яхши амалли солих кишилар.

 

< ومن يطع الله والرّسول فأولئك مع الّذين أنعم الله عليهم من النبيّن والصّدّيقين والشّهداء والصّلحين ،  و حسن أولئك رفيقًا >

( سورة النساء )                                                   

   “Кимда – ким  Аллоҳ ва пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар Аллоҳ инъомларига сазовор бўлган зотлар – пайғамбарлар,  ҳақ-рост иймон эгалари сиддиқлар, шаҳидлар ва фақат яхши амаллар билан ўтган – солих  кишилар билан бирга бўлурлар. Улар эса энг яхши ҳамроҳлардир.”

                                                    (Нисо; 69-оят мазмунидан)

 

    Пайғамбарга итоат этишлик бахти шу мартабалар билан якунланиб қолмайди, балки буюк бахт бўлмиш – Аллоҳ Табарока ва Таъолонинг суйуви-мухаббатига элтади. Гуноҳ-маъсиятларидан покланиб, мағфират бўлишига етаклади.

< قل إن كنتم تحبّون الله فالتّبعونى يحببكم الله و يغفرلكم ذنوبكم والله غفور رّحيم ، قل

أطيعوا الله و الرّسول فإن تولّوا فإنّ الله لا يحبّ الكفرين>       

                              (سورة آل عمران)                                                                      

   “Айтинг (эй Муҳаммад): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир”. Айтинг: “Аллоҳ ва пайғамбарга итоат қилингиз!” Агар юз ўгирсалар, бас, албатта Аллоҳ (бундай) динсизларни севмас”.

                                                 (Оли-Имрон; 31 – 32 оятлар мазмунидан)

 

 

     Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо набий соллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилганлар:

“Мусулмон киши учун қулоқ тутиши ва итоат қилишлиги – у яхши кўрган ишу ва ёмон кўрадиган ишларида ҳамдир. Мабодо маъсиятга буюрилмаса. Борди-ю маъсиятга буюрилса, қулоқ тутиш ҳам, итоат қилиш ҳам йўқдир,” – дедилар.”

                                        (Бухорий ҳам Муслим ҳам ривоят қилган)

 

   Абу Умома розияллоҳу анҳу айтганлар:

“Мен Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг хажжатул-вадоъда шундай хитоб қилаётганларини эшитдим: “Роббиларингизга тақво қилинглар, намозларингизнинг бешовини ўқинглар, (рамазон) ойингизнинг рўзасини тутинглар, молларингизнинг закотларини адо этинглар ва иш эгаларингизга итоат қилинглар (бас ўшанда сизлар) – Роббиларингизнинг жаннатига кирасизлар!”

                                                      (Тирмизий ривояти)

 

< واخفض جناحك لمن اتّبعك من المؤمنين، فإن عصوك فقل إنّى بريء ممّا تعملون >  

( سورة الشعراء )                                                    

 

“Ўзингизга эргашган муъмин бўлган кишилар учун қанотингизни паст тутинг (яъни уларга хуш хулқ билан камтарона муомалада бўлинг)! Бас агар улар итоатсизлик қилсалар, у ҳолда айтинг: “Албатта мен сизларнинг амалингиздан покдирман”.

                                                    (Шуаро; 215 – 216 оятлар мазмунидан)

- - -