Юксаклик сари

Қатъийлик – амаллар силжишига мадор

1571 Ko'rilgan Юксаклик сари

Қатъийлик – амаллар силжишига мадор

๏ Қатъийликнинг ўзи нима? ๏ Сахобанинг қатъийлиги. ๏ Қатъийликнинг қабиҳ ишлар ичида ёйилишга тушиши. ๏ “Хум ичидаги дев” каби. ๏ Киши қайси амаллардан бўлган бир амални қилмоқчи бўлса, у амал учун ихлос шартлиги маълум. Чунки, Хақ Таъоло ўзига холис қилинмаган амални қабул қилмайди. Шу билан бирга киши ўз амалини мукаммал этмоғини истаса – қатъийликка ҳам риоя этиши талаб этилади. Қатъийлик – амални иккиланмай, жиддий суратда бажаришликдир. Қайси бир ишда қатъийлик бўлмаса, ишнинг охирига етиши мушкул бўлади. Аллоҳнинг каломи бўлмиш Қуръон – қатъий сўздир, ҳазил сўз эмас. < إنه لقول فصل و ما هو بالهزل > (سورة الطارق ) “Албатта у – қатъий сўздир. Ҳазил эмасдир!” (Ториқ; )

   Киши ҳатто сўзини ҳам қаиъийликка мослаштирса, унинг сўзи оғзидан нутқ қилиниши биланоқ, уни эшитганлар беҳуда сўз айтилмаганига иқрор бўлишади. Агар киши сўзини енгил эканлиги сифатида беэътиборлик билан сўзласа ва унга мувофиқ иш қилмаса, унинг сўзини ёш бола ҳам аҳамиятсиз сўз деб қарши олади. Исломнинг аввалида исломни жон-диллари билан қабул қилиб, унга риоя эта бошлаганларни залолатга қайтариш учун жидду-жаҳд қилишга киришишган. Уларга нисбатан мушриклар қатъий туриб, пайғамбар алайҳиссаломга эргашишдан тўхтатмоқчи бўлишган. Аммо улардан кўра Исломга бўлган вафодорликлари устун бўлгани учун қатъийликда мушриклардан-да фаолроқ бўлишди. Қатъийликлари сабаб уларга пойи-патак бўлиб, эзгуликдан бош тортмадилар.

   ๏ “Сахобалардан бирининг онаси ўғлини пайғамбар алайҳиссаломга эргашганини эшитгани ҳамон ўзича қасд қилиб, емасликка, ичмасликка ва сояланмасликка қарор қилди. У сахоба онасини жуда яхши кўрар, унга фарзандлар қилиши зарур бўлган барча яхшиликларни қилар эди. Ҳечам унга зид гапни ва на амални қилмаган эди. Ўзининг мусулмон бўлганлиги муносабати билан онасининг тўнини тескари кийиб олиши жуда машаққат ичидаги изтиробга солиб қўйди. Бу ҳол инсон ҳаётидаги энг оғир онлардан биридирки, ўзини туғиб, вояга етказаётган онаси уни тушунмаса, тушунишни ҳоҳламаса.

   Онасининг олдига таом ва сув келтириб кўрди. Она эса уларни истеъмол қилмас эди. Ўзгаришсиз ҳолда аҳвол давом этаверди. Фарзанди эса онасини шаштидан қайтариш учун бор ҳаракатини ишга солди, аммо натижа ўзи ўйлагандек эмасди. Фақатгина Исломдан ўғлининг қайтишигина уни қаноатлантирарди холос. Шунда ўғли онасига агарки мингта жониб бўлиб, бири кириб, бири чиқиб ҳалок бўлсада, пайғамбар алайҳиссаломга эргашганлигидан воз кечмаслигини қатъий қилиб айтди. Онаси билдики, боласининг қатъийлиги уникидан ҳам жиддийдир.”

   Албатта сахобаларнинг қатъийлиги аввало ҳақ устида бўлди ва қатъийлилигини ҳеч бир ҳодиса устида сусайтирмадилар. Иймон сайқали билан сайқалланган ҳар-бир муъмин даврлар оша қатъийлигини эзгу амаллар устида чиройли тарзда намоён қилиб келди.

   ๏ Кейинги вақтларда эса қатъийлик айнан – қабиҳ ишлар орасида ёйилишга тушмоқдаки, бу жуда ҳам афсусланарли ҳолатлардан биридир. Яъни, кишилар ўзларининг номаъқул ишларида дўстларига, хонадон аҳлларига, қўни-қўшни ва қариндошларига қатъийлигини намоён қилишга тушишмоқда. Даврада маст қилувчи ичимлик бўлмаса, уни давра деб ҳисобламайдиган кимсаларнинг ноҳақ раъйига қараб одамларнинг айримлари ўтиришу-маросимларини ичкиликсиз ўтказишдан ийманаётган бўлса, айримлари базми-жамшид лағву-нағмаларсиз “соқов” бўлиб қолади-ку дейишса, ўшанинг хом қатъиятига қарши жўяли бир сўз айтишдан ожиз қолиб, унинг айтаётганидан зиёдароқ қабиҳлик қилишга берилиб кетилмоқда.Худди ўша бузғунчи айтган иш амалга ошмаса, ейдиган овқати тотимайдигандек ўзларини ҳис қилишади.

   Баъзи қатъийликлар эса ўлим марсимларига боғлиқ қабиҳликлардир.  Уларнинг орасида маййитга озор берадиган даражада бақир-чақир қилиб, дод-фарёд кўтариш, қийналган хонадон аҳлидан ҳам зиёфат уюштириб, халққа таом бериш каби номақбул ишларни талаб этадиган қатъиятчилар мавжуддир. Уч кун мотамни кўп санашса, эри вафот топган аёл сақлаши зарур бўлган иддани эса кўп деб эътибор қилувчи қатъиятчилар ҳам йўқ эмас.

   Ҳақиқий иймон эгаси сохта ва нолойиқ ишлар устида қатъитчи бўлмайди. Қабиҳ ишлар устидаги қатъиятчиларнинг қовоқ уйиш ва бақир-чақириғига қулоқ солиб, уларнинг кўнглини топгувчи ландовур бўлмайди. Ҳамиша халққа манфаатли, дунё ва охиратда асқотадиган ишларгагина хайриҳоҳ бўлади холос.

   ๏ Баъзи эркатой фарзандлар эса ота-онасига ҳатто дағдаға қилиб, “фалон нарса олиб бермасанглар ва фалон айтганимни қилмасанглар ундай бўлади, бундай бўлади” – дейишса, унинг сўзини ўзига қатъий деб билган ношуд ота-оналар “хум ичидан чиққан дев” мисоли уларнинг айтганларини ҳозиру-нозир қилишга енг шимаришиб, бажо келтиришмоқда. Бечора ота-оналар ҳурмат топиш ўрнига болаларининг нозик, аммо “қатъий” подшоҳона берган амрларига қул сингари етти букилиб бажаришга киришмоқда.

   Кишида қатъийлик шу даражада бўлиш керакки, унинг сўзи ёлғон бўлавергани учун бировлар ишонқирамай қолиб, қасам ичишга ўтиб кетмаслиги керак.

< و لا تتخذوا أيمنكم دخلا بينكم فتزل قدم بعد ثبوتها و تذوقوا السوء بما صددتم عن سبيل الله و لكم عذاب عظيم و لا تشتروا بعهد الله ثمنا قليلا إنما عند الله هو خير لكم إن كنتم تعلمون ما عندكم ينفد وما عند الله باق و لنجزين الذين صبروا أجرهم بأحسن ما كانوا يعملون من عمل صلحا من ذكر أو أنثى و هو مؤمن فلنحينهم حيوة طيبة و لنجزينهم أجرهم بأحسن ما كانوا يعملون >

(سورة النحل)                                                                          

   “Қасамларингизни алдов воситаси қилиб олмангиз! У ҳолда (ислом йўлида) маҳкам ўрнашган оёқ тойиб кетур ва Аллоҳ йўлидан тўсганларингиз сабабли (чунки сизларнинг қасамхўрлик қилганингизни кўриб, айрим кишилар Исломга интилиш ўрнига ундан йироқлашиб кетурлар ва бунга сизларнинг қилмишингиз сабаб бўлур) ёмонлик (бало ва мусибатлар)ни тотиб қолурсизлар ҳамда (охиратда) сизлар учун улуғ азоб бўлур. Аллоҳга берилган аҳд-паймонни озгина қийматга алмаштириб юбормангиз! Агар билсангизлар, албатта Аллоҳ даргоҳидаги нарса (яъни, ажр-савоб) сизлар учун (дунё матоларидан) яхшироқдир. Сизларнинг ҳузурларингиздаги нарсалар йўқ бўлур. Аллоҳ даргоҳидаги нарсалар эса боқийдир. Биз албатта сабр-қаноат этган зотларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз. Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз.

                                                (Наҳл; 94-97 оятлар мазмунидан)

 

   Демак, қатъият эгаси бўлган кимса беҳуда сўз ва беҳуда амал қилгувчи бўлмайди. Бўлар-бўлмасга бировларнинг олдида фарқини кетказиб, ваъда бериб ёки қасам ичишга интилмайди. Унинг қилаётган амали , ундан содир бўлаётган хулқлар унинг жиддий ва қатъиятли эканлигини намоён қилиб туриши керак.

- - -