Юксаклик сари

Мақтов ва танқид

1630 Ko'rilgan Юксаклик сари

Мақтов ва танқид

๏ Мақтовнинг исломдаги меъёри. ๏ Ансория аёлнинг олган танбеҳи. ๏ Мадҳдан йироқ бўлишни маҳкам тутгувчилар. ๏ Киши мақтов сабабли ишлари ўнгидан келмаслиги ва энг ёмон бўлган икки мақтов. ๏ Зоҳирга қаратилган мақтов яхшиликка хос эмас. ๏ Уммавий халифанинг танқидга бўлган муносабати. ๏ Хажжожнинг дабдаба ила қурган биноси танқидга учради. ๏ Умар ибн Ҳубайра номли волийга Хасан Басрийнинг насиҳати. ๏ Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши бировни Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида мақтар эди, у зот унга: “Шўринг қурисин, дўстингнинг бўйнини кесиб ташладинг!” –деб икки бор такрорладилар. Сўнг у зот:

“Бирортангиз қайси бир биродарингизни мақташни зарур, деб топсангиз: “Мен фалончи хусусида ўз фикримни билдираман, уни ҳисоб-китоб қилгувчи   эса Аллоҳ Таъолонинг ўзидир ва мен бирор кимсани Аллоҳ Таъолога мақтамайман ҳам, мен уни ундай ва бундай одам, деб биламан” – десин, агар (чиндан ҳам) ўзи айтаётган фазилатлар унда мавжуд, деб билса”, - дедилар”. 

                                                 (Бухорий ривояти)

 

   Абу Мусо розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг бировни ортиқча (кўкларга кўтариб) мақтаётганини эшитиб, “У кишини ўлдирдингиз” ёки “У кишини белини синдирдингиз” деб айтдилар”.

                                               (Бухорий ривояти)

 

    ๏ Хорижа ибн Зайд ибн Собит ривоят қиладилар: “Ансорийлардан Умм ул-Ало деган бир хотин Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг номларини ўртага қўйиб, байъат қилиб (онт ичиб) бундай деди: 

    “Муҳожирлардан ким кимнинг уйида қолишини аниқлашлик учун ўзаро чек ташлашдик. Шунда Усмон ибн Мазъун бизнинг чекимизга тушдилар. Биз у кишини уйимизга жойлаштирдик. Кейин бирдан бетоб бўлиб қолиб, вафот этдилар. Маййитни ювиб, ўз кийимига кафанлашди. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам маййитни (Усмонни) кўргани кирган эдилар, “Аллоҳ рахмат қилсин сизни, эй Усмон! Сизни Аллоҳ Таъоло мукаррам қилганининг шоҳиди бўлиб турибдирмен”, – дедим.

   Шунда Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:

 “Аллоҳ Таъоло уни мукаррам қилганини қаёқдан билдингиз?” – дедилар.

 “Отам фидо бўлсин сизга, ё Росулуллоҳ! Аллоҳ Таъоло шу одамни мукаррам қилмаса, кимни мукаррам қилади?” – дедим.

 Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:

“Афсуски, Усмон вафот этди. Аллоҳга қасамёд этиб айтаманки, мен унинг охирати бахайр бўлишлигини жуда ҳам истайман. Аллоҳга қасамёд этиб айтаманки, ўзим Аллоҳнинг росули бўлатуриб охиратда қандай муомала бўлишини билмайман”, - дедилар.

   Аллоҳга қасамёд этиб айтаманки, ўшандан кейин бирор маййитни олдиндан жаннати деб айтмоққа жазм қилмадим”.

                                                     (Бухорий ривояти)

 

  ๏ Нафслар мақтовни яхши кўришлигида шубҳа йўқ. Оқил кимса ўзининг одамлар томонидан мадҳ этилаётганига маҳлиё бўлиб, тўғри йўл изидан чиқиб кетмайди. Ким мақтовларга зил кетиб, унга ёндошиб қолса, ўзини хатосиз яшаётганга қиёс қилади-да, амалларига бепарво бўлади. Дунёда берилаётган кенглик ва мартабаларни, ҳамда яхши ҳаётнинг сурури билан маст бўлиб, бепарволикка тушади.

   Исломнинг ўзларига берилган қадрли инъом эканлигига сидқидилдан тасдиқ этган пайғамбарнинг фидойилари бўлган – сахобалар мадҳдан нарироқда яшадилар. Уларнинг тамомий орзулари фақат Аллоҳнинг амрини бажо қилиб, ўзидангина мукофот олишга бутун эътибор ва амалларини қаратган эдилар. 

   Хаббоб розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Аллоҳ ризолигини истаб Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳижрат қилдик. Аллоҳ Таъоло бу дунёда бизга ато этиши лозим бўлган мукофотларини охиратга олиб қолди, чунки орамиздан у дунёга риҳлат қилганлардан бирортаси ҳам ўша мукофотлардан заррача баҳраманд бўлгани йўқдир. Улардан бири – Мусъаб ибн Умайр. Бироқ орамизда бу дунёда мукофотини олиб, айшини суриб юрганлар ҳам бордир. Мусъаб эса, Уҳуд жангида ўлдирилди, уни кафанлашликка (уйидан) ҳеч нарса тополмадик. Бошини ёпса, оёғи, оёғини ёпса, боши очилиб қоладиган биргина чопони бор экан, холос. Шунда Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам чопони билан бош томонини ўрамоқни, очилиб қолган оёғи билан эса, изхир (ўсимлиги) билан ёпишни буюрдилар”.

                                                        (Бухорий ривояти)

  

   ๏ Киши ўзига айтилган ва айтилажак мақтовлари сабабли қабри нурли бўлиб қолмайди. Қайта тирилиш куни сояланиб, маҳшар қийинчиликларидан озод бўлиб қолмайди. Номайи-аъмоллари ўнг томонидан берилиб, мезони яхшилик амаллари томон оғир бўлиб тортилмайди. Балки, унинг барча даражотлар устида бахтли бўлишининг гарови – Аллоҳ унга рахмат назари билан қарашида ва ихлосли банда бўлиб, амаллари шариатга мос келиши билан бўлади. Унинг мартабаси иймонли бўлиши ва иймонига содиқ қолиши эвазига бўлади.

   Олимлардан бири айтган:

“Икки ўриндаги мақтов – мақтовларнинг энг ёмонроғидир. Биринчиси; маърифати ва илми сендан пастроқ бўлган кимсаларнинг мақтови. Иккинчиси эса; сендан қўрқиб турган ва сенга умид қилиб турганнинг мақтови. Барча мутакаббирлар мана шу икки ўриндаги мақтовдан озуқаланади”.

   Юқоридаги олимнинг берган баҳоси ажойиб бир ҳикматга эгаки, айнан жаҳолатлироқ кимса ўзидан маърифати юқори бўлганни мақтайди. Нега?! Унинг камчилигини ёки адашувини ўзидан савияси пастроқ кимса англаб етмайди. Қўрқиб ёки умид қилиб турган кимсанинг ҳам мақтови ҳам асосга эга эмаски, у унинг шарридан қутулиш учунгина ёки унинг ёрдамига умид қилганигагина боғлиқ – тамаъдир холос. Шундай бўлсада, кибрли кимсалар ўшандай мақтовлар билан бўлса ҳам “семириб” мазза қилар эканлар.

   ๏ Яна бошқа тобеъин олим айтганлар:

“Сени одамлар мақташига ғурурланмагин! Чунки, одамлар сенинг зоҳирингни (яъни, ташқи кўринишдаги ишларингни)нигина кўришади холос. Улар сенинг сирларингдан хабардор эмаслар”.

   Дарҳақиқат кишининг атрофидаги кимсалар унинг ташқи қиёфасидагина содир бўладиган амал ва хулқларнигина гувоҳи бўлишади. Аммо унинг қалбида нима кечаяпти, ўзи ҳоли қолганда ва оиласи ичида қандай ишлар устида бўлаяпти, уларнинг барчасидан унинг шоҳиди бўлмаган одамлар хабар топмайдилар. Натижада унинг зоҳирига қараб, мақтаб юраверишади. Ички камчиликлари эса мутлақо эътиборга олинмайди. Шунинг учун кўп одамлар ташқи кўриниши ва ташқи муомалаларинигина ўнглаб, созлаш билан овора холос. Ботини эса нураб, вайрона кулба сингари бўлиб кетса ҳам унинг ислоҳи билан иши бўлмайди.

   Баъзи кимсалар борки кимдан мақтов эшитса, уни дўст деб билади. Ким уни ҳаққоний тарзда танқид қилиб, ўнгланишини истаса уни ўзига душман деб билади. Энди соғлом ақл билан ўйланиб кўрилса, кишининг тойилишини барвақт эслатиб, уни хатолардан тузалишини ҳоҳлаш, хатоси айтилган кимсанинг ўзига яхшилик-ку! Чунки, у хатолар самосида бемалол парвоз қилаверса, кишилар унинг камчилигини айтмасалар, аксинча уни мақтайверишса, у ўзини бенуқсон деб, гумон қиладида, хатолардан қутулиш йўлини тутмайди. Бадтар ёмонликлар ботқоғининг домига чўкаверади.

    Энди кимки мақтовларга учмасдан, ўзини мақтовга лойиқ эмас деб билиб, ўзининг камчиликлари аниқ айтилганда, ўша айтувчидан миннатдор бўлиб суюнса, ўша киши ўз устида ишлаётган солиҳ кимса хулқига монанд хулқли кимса бўлади.

   ๏ “Уммавий халифалардан бири гапираётиб шундай деди:

-Осмону-ер Аллоҳникидир, мулк ва салтанат бизникидир!

Орадан бир қанча муддат ўтиб, яна:

-Осмону-ер Аллоҳникидир, мулк ва салтанат бизникидир! – деди.

Шу ҳол яна такрор бўлган маҳал, ўтирганлардан бири ўрнидан туриб, гапиришга жазм қилди.

-Осмону-ер Аллоҳники, мулк ҳам, салтанат ҳам Аллоҳникидир!

Ўтирганлар ҳайратга тушдилар. Энди бу кишига бирор офат бошига тушмасайди, деб ташвишландилар. Бу ҳолни улар халифани менсимасдан гапирилган гап дея, тасаввур қилган эдилар. Ҳамма жим бўлиб, халифага қаради. Халифа ўзига тик туриб гапирган кишини чорлади ва у иккиси ичкарига кириб кетишди. Одамлар ҳайронликка қопланган ҳолатида туришар, иш энди қандай якун топишига ақллари етмасди. Шу пайт ичкаридан халифа ва унинг ортида эса бояги одам чиройли чопон кийдирилган ҳолда чиқиб келишди. Халифа одамларга мурожаат қилди:

-Мен кўп марта сизларга гапирдим ва ҳар гал гапираётиб, менинг гапимни танқид эта олишармикан деб ўйланардим. Аммо ҳеч ким менга юрак отиб гапира олмаганидан қўрқувга тушардим. Чунки, қайси бир етакчининг сўзи ўз ҳолича қўйилса ва раъйиятдагилар унинг хатосини айта олишмаса – ўша етакчи юзтубан ҳолда дўзахга ташланади. Энди қачон мана бу одам чиқиб, менинг сўзимга эътирозини билдиргач, қувондимки – мен ундайлардан эмас эканман!”

   Ҳа, дунё ва охиратдаги омонликни излаган кимса адолат ва камтаринликни ўзига либос қилиб олади. Айниқса пешволик даражасида турган кимса, ўзига бўладиган ҳаққоний танқид ва камчилигини айта олишни катта жасорат деб билади. Уни айтган кимсани жасорат эгаси сифатида қабул қилиб, унга дўстона тарзда сийлов кўрсатиб, миннатдорчилик изҳор этади. Чунки, ўлмасидан олдин тойилишини эслатган одам, унинг жаҳаннам оловидан ушлаб қолиб, ёрдам берган кимса сифатида талқин қилинади.

   Шу эътиборга қўшимча, оила катталари ҳам ўз камчилик ва хатоларини агарки, фарзандлари, неваралари ёки жиянлари ва укалари орқали эшитсалар ҳам, ўша танқидларни жиддий қабул қилиб ўзларини ўнглашга интилишганларида эди, катта муваффақиятларга сабабчи бўлар эдилар. Киши агар “мен ўзимдан ёши кичик бўлган, ёки мансаби менинг мансабимдан пастроқ мансабда бўлган кимсадан хатоларимни эшитишни ҳоҳламайман” деса, хато қилган бўлади. Балки унга миннатдорчилик билдириб, камчилигини вақтида айтганига ташаккур айтса, у айтувчига эмас, балки ўзига кўп яхшиликлар бўлади.

  ๏ Хажжож ибн Юсуф ас-Сақафий Ироққа волий бўлиб, ўзининг волийлигида туғёнга кетиб, жабр қилувчилардан бўлган эди. Хасан Басрий унинг туғёндан тўсиб, унинг кирдикорлари ёмонлигини одамлар орасида ошкор этиб, унинг юзига хақ калимасини тўғридан-тўғри айтишга ботина олган киши эдилар.

      Хажжож Басра ва Куфа шаҳарлари орасидаги Восит деган ўринга ўзи учун бино қурдирди. У битгач, одамларга уни сайру-саёҳат этишлари ва у (Хажжожга)га баракот дуоси қилишлари учун чиқишларига жар чақирилди. Хасан Басрий бундай одамлар жамланажак имкониятни қўлдан бой беришликни истамадилар. Одамларга ваъз айтиб, уларга панду-насиҳат қилиб, дунё матоҳларидан юз ўгириб, зуҳд этишларига ва Аллоҳ Азза ва Жалла ҳузуридаги нарсаларга рағбат эттиришга чоғландилар. Битган бино олдига келсалар, одамлар жамланиб, қасрни айланишар, унинг томонларига шайдолик билан боқишар эди. Уларнинг орасида туриб, хитоб қилдилар:

     “Дарҳақиқат биз хунукроқ нарсаларнинг жирканчлироғини бино этилганини кўрдик. Албатта Фиръавн барпо эттирган бинодан кўра юксакроқ нарсани бино эттирганини топдик. Сўнг Аллоҳ Фиръавнни ҳалок этди ва бино қилган, қурдирган нарсасини вайрон бўлишига юз туттирди. Кошки эди, Хажжож само аҳли уни ёмон кўраётганини ва ер аҳли ундан фитналанаётганини билса эди!”

     Шу услубда сўзлайвердилар, хатто Хажжожга нафрат этувчи бўлган эшитувчилардан бири унга:

     “Эй Абу Саъид бўлди, етади!”, деди.

Хасан Басрий эса:

     “Дарҳақиқат Аллоҳ илм аҳлидан одамлар учун (хақни) баёт этиб, уни яширмасликка мийсоқ (аҳду-паймон) олгандир”, дедилар.

     Келгуси куни Хажжож ўзининг мажлисини чақирди, унга ғазабнок ҳолда кирди ва у ерда ўтирганларга деди:

     “Сизларга ҳалокат бўлсин! Басра аҳлидан бўлган қуллардан бир қул ҳоҳлаган нарсасини истаганича гапирса, сизлардан бирортангиз ичидан уни рад этиб, инкор қилувчи топилмадими?! Эй қўрқоқлар жамоаси, Аллоҳга қасамки, мен албатта сизларга унинг қонини ичкизурман!”

     Хажжож қилич ва кундани ҳозирлашликни ва жаллод уни (Хасан Басрийни) ҳузурига тик тургизган ҳолда намоён этишини, миршаблардан баъзисини эса уни олиб келишга амр этди. Бироз ўтгач, Хасан Басрий кириб келдилар. У томонга кўзлар тушгач, кўзлар очилди ва қалблар дуккилай бошлади. У қилични, кундани ва жаллодни кўрди ва лаблари пичирлади. Хажжожга муъминларга хос улуғлик, мусулмонларга хос азизлик ва Аллоҳга чақирувчи доъий виқори билан юзланди. Хажжож уни кўргач қаттиқ ҳайбатланишга тушди ва унга деди:

     “Эй Абу Саъид, мана бу ерга, мана бу ерга!”

     Сўнг Хажжож ўзини кенг тутишда тўхтамади ва:

“Мана бу ерга!”, деб айтарди.

     Одамлар у (Хасан Басрий)га даҳшат ва ҳайратга тушиш билан то таклиф этилган ўриндиққа ўтиргунга қадар қараб туришди. Хасан Басрий ўтиргач, Хажжож унга илтифот кўрсатди ва баъзи дин ишлари ҳақида ундан сўрай бошлади. Хасан Басрий унинг саволларига довюраклик билан жавоб бердилар.

Хажжож унга:

     “Сиз эй Абу Саъид, уламолар саййиди-пешвосидирсиз!”, деди.

     Сўнг хушбўй келтиришга амр этди ва уни Басрий соқолига суртди. У билан хайрлашди. Хасан Басрий унинг ҳузуридан чиққач, Хажжожнинг дарвозабони унга эргашди ва унга деди:

     “Эй Абу Саъид, Хажжож сизни ҳозирги иззат-икромга чақирган эмас эди. Албатта мен сизни кўрдимки, сизни кўзингиз қилич ва кундага тушганда лабингиз пичирлади. Ўша онда нима дедингиз?”

     Хасан Басрий рохимаҳуллоҳ айтдилар:

     “Дарҳақиқат мен: “Йа валиййа ниъматий ва малаазий ъинда қурбатий, ижъал ниқматаҳу бардав ва саламан алаййа кама жаъалтан-наро бардав ва саламан ъала Иброҳийм”, дедим. Маъноси; “Эй неъматим эгаси ва қайғуйим пайтидаги бошпаноҳим у (Хажжож)нинг нафратини менга совуқлик ва омонлик қилгин, гўё Иброҳимга оловни совуқлик ва омонлик қилганинг каби!”

      Аллоҳ Субханаҳу ва Таъоло Хасан Басрийга оламшумул воқеани насиб этди. Чунки, Хажжожни олдидан соғ-омон чиқиш жуда ҳам амри маҳол иш эди. У “золим” номи билан донг таратган бошлиқ бўлган. Хажжож Каъбага тош отишга буйруқ берган ношуд инсон эди. Навкарлари Каъбага тош отишдан қўрққанида, унинг ўзи манжаниққа (ўқ отувчи аслаҳага) тош солиб отган. Йирик мухаддис олимлардан бири бўлган Имоми Тирмизий таъкидлашича, Хажжож ўлгунига қадар 120000 одамни ҳибсга олдириб, қаматиб қўйган.

     Ислом аталмиш Ҳақ Таъоло ўзи юборган йўл тарихида одамларни бекордан-бекорга кўкларга кўтармасдан уларга тўғри маслаҳат беришга ҳисса қўшганлар бўлди. Натижада кишиларни зулму-зўравонликдан ҳимоя қилинди ва омма орасида сокинлик ҳамда яхшилик ҳукм суришига замин яратилди. Юқорида номи зикр қилинган олим Хасан Басрий рохимаҳуллоҳ пайғамбар хонадонида, ҳақ таралган уй муҳитида ўсиб-улғайгани учун доим мақтовнигина эмас, балки аччиқ бўлсада ҳақиқатни тараннум қилишга интилганлар. Бунинг мисолини яна бир воқеа асносида ўрганиб ўтамиз.

      ๏ Хасан Басрийнинг волий ва амрлар билан йўлиққан кезларида Аллоҳнинг инояти ва сақлови билан азиз ҳолатда уларнинг ҳузурларидан чиқар эдилар. Умар ибн Абдулазиз вафот топганларидан кейин халифаликка Язид ибн Абдулмалик ўтирди ва Ироққа Умар ибн Ҳубайратал – Фазорийни волий этиб тайинлади. Унинг халифалигида ери кенгайиб, Хуросонни унга унга қўшиб берди. Язид одамлар ичида ўзининг ўтмишдошлари бўлган солихлар табиатидан ўзга табиатда эди. У Умар ибн Ҳубайрага мактуб жўнатиб, ундаги нарсани ижро этишга, гоҳида жафо этган ҳолда уни бажаришга буюрди.

     Умар ибн Ҳубайра ўз ҳузурига Хасан Басрий ва Омир ибн Шарохийл(Шаъбий деб машҳур бўлган олим)ни чақиртирди. У иккаласига деди:

     “Албатта Аллоҳ бандаларига амирул-муъминийн Язид ибн Абдулмаликни халифа қилди ва одамларга унга итоат этишни вожиб қилди. Сизлар кўриб турган Ироқ ишида мени волий этиб тайинлади ва менга Форс (Хуросон)ни қўшиб берди. У менга гоҳида мактублар жўнатмоқда, уни ижро этишга буюрмоқда, мен эса унинг адолатига хотиржам бўла олмаяпман. Мен учун унга эргашишим ва буйруқларини ижро этишим учун диндан чиққан ҳукм эканлигини топиб, айтиб бера оласизларми?”

     Шаъбий волий учун жавоб айтди. Хасан Басрий эса жим турардилар. Умар ибн Ҳубайра Хасанга қарадиларда:

     “Эй Абу Саъид, сиз нима дейсиз?” деди.

Хасан Басрий айтдилар:

     “Эй ибн Ҳубайра! Язид борасида Аллоҳдан қўрққин, Аллоҳ ҳақида Язиддан қўрқмагин! Билгинки, Аллоҳ Азза ва Жалла сени Язиддан ҳимоя қила олади ва албатта Язид сени Аллоҳдан ҳимоя қила олмайди! Эй ибн Ҳубайра албатта у сени олдингга қаттиқ қўл, даҳшатли фариштани тезлаштирмоқда. У (фаришта) Аллоҳга амр этган ишда осийлик қилмас! Сени бу мақомингдан сени йўқ қилади ва кенг қасрингдан тор қабрингга элтади. Сен у ўринда Язидни тополмассан, фақатгина Язиднинг Роббисига хилоф этган амалингнигина топурсан! Эй ибн Ҳубайра, дарҳақиқат сен Аллоҳ Таъоло билан бирга бўлсанг ва унинг тоатида (мустаҳкам) турсанг, сенга Язид ибн Абдулмалик етказадиган озорлардан Ўзи кифоя этади (сақлайди) дунёда ҳам, охиратда ҳам! Агар сен Аллоҳ Таъолога маъсият этишда Язид билан бирга бўлсанг, албатта Аллоҳ сени Язидга ташлаб қўяди! Эй ибн Ҳубайра билгинки, борлиқда Холиқ Азза ва Жаллага маъсият қилинадиган ишда махлуқ учун итоат этиш йўқдир!”

     Умар ибн Ҳубайра йиғлади, ҳатто соқоллари кўз ёшлардан ҳўл бўлиб кетди. У Шаъбийдан кўра Хасан Басрийга майл этган бўлди ва уни ҳурмат этиб, иззат-икром кўрсатди. Иккалалари ташқарига чиқишгач, Шаъбий одамларга бўлган иш тафсилотини баён этди. Ўзининг ишини танқид қилган бўлди.”

- - -