Юксаклик сари

Ҳомийлик – эзгу ишлар поёндозидир

1678 Ko'rilgan Юксаклик сари

Ҳомийлик – эзгу ишлар поёндозидир

๏ Ҳомийлик – муҳтожларни ва яхши режали кишиларни қўллашдир. ๏ Ношукрлик ортидан Маккага келган мусибат. ๏ Мезонни ёмон ишлардан сақлаш лозимлиги. ๏ Од қавмининг дабдабали бинолар қуриб, ўйин-кулгига берилиши. ๏ Мискин ва етимларнинг ҳомийлари топадиган мукофотлар. ๏ Абу Ҳурайра ва аҳли суфа воқеаси. ๏ Муъминнинг ғамини аритувчи ҳомийнинг мукофоти ๏ Кишилар ҳаёт ичида ўзларининг кучи, маблағи ва илми етмаган ўринларда бошқа бир кишилардан имкониятларига кўмаклашиш истагида бўлишади. Муборак исломимизда кўмакка зарурати бор

кимсаларга баҳоли қудрат ёрдам беришни ажрли ишлар сирасига киргизган. Бу иш-амални кўпинча ҳомийлик деб ҳам юритиладики, ҳомийлик фақат эзгу ишлар устида бўлсагина мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки, ҳомийликни қабиҳ ишлар устида қилаётган кимсалар ҳам бор. Йўлтасарлар деб аталмиш – қароқчиларга, авратларини намоён қилиб, ҳар-хил мусобақалар ва либослар кўргазмаларини ўтказишга ҳомийлик қилишлар борки, Аллоҳ сақласин бундай ҳомийликлар дунёда ҳам, охиратда ҳам – ҳомий бўлган кимсага қаттиқ пушаймонликлар олиб келади.

    Кичкинагина оила-хонадон аталмиш мамлакатча аталмиш гўшагада ҳам — нотўғри ишлар устида ҳомийликлар тўй-ҳашаматларда урчиётгани афсусланарли ҳолдир. Муътабар ота-оналик мақомида туриши керак бўлган кимсалар қора терга ботиб, ўзларининг “арзанда” фарзандларининг номақбул раъйиларига қараб, Аллоҳ берган ризқларни, яъни емоқ, ичмоқ ва кийиниш ашёларини меъёр йўлида эмас, балки исроф, дабдаба ва риё аталмиш маросимларини ўтказиб беришда ҳомийлик қилиб ҳам бор-будидан, ҳам мусулмонлик обрўсидан ажрамоқдалар. Қани эди, инсонлар ҳомийликларини ажрли ишлар эвасига қилса, мингдан бир пулларини хайрли ишлар ҳомийлигига сарфласа ўзларига ва жамиятга қанчалар оқибат олиб келишар эди.

    ๏ Инсоният атрофидаги у билган ва билмаган нарсаларнинг барчасини Аллоҳ Хақ Таъоло берган. Инсон ўша берилган ризқлардан тўғри фойдаланиб, унга шукр этса, унинг уддасидан чиқаётган ва бандалик мақомини расо ушлаётган бўлади. Тарих деб аталмиш ўтмишда пайғамбар алайҳиссалом яшаган Макка айнан ношукрлик қилинганлик сабабидан очарчилик ва нотинчлилик балоси билан мусибатланганлар.

< يوم تأتيى كل نفس تجادل عن نفسها و توفى كل نفس ما عملت و هم لا يظلمون  و ضرب الله مثلا قرية كانت ءامنة مطمئنة يأتيها رزقها رغدا من كل مكان فكفرت بأنعم الله فأذاقها الله لباس الجوع و الخوف بما كانو يصنعون و لقد جاءهم رسول منهم فكذبوه فأخذهم العذاب و هم ظلمون  فكلوا مما رزقكم الله حللا طيبا واشكروا نعمت الله إن كنتم إياه تعبدون >

(سورة النحل)                                                                                         

    

 “Ҳар-бир жон фақат ўзини ўйлаб – ҳимоя қилиб қоладиган ва ҳар бир жон қилган амалининг (мукофотини) тўла оладиган ҳамда уларга зулм қилинмайдиган Кунни (эсланг). Аллоҳ бир шаҳарни (яъни Маккани) мисол келтирур: у тинч, сокин (шаҳар) эди, ҳар томондан ризқу рўзи беками кўст келиб турар эди. Бас, (қачонки) у (яъни, унинг аҳолиси) Аллоҳнинг неъматига ношукурлик қилгач, Аллоҳ у (шаҳар аҳолисига) бу “ҳунарлари” (куфру исёнлари) сабабли очарчилик ва нотинчлик балосини тотдириб қўйди. Дарҳақиқат, уларга ўзларидан бўлган бир пайғамбар келганида уни ёлғончи қилишгач, уларни золим бўлган ҳолларида (Аллоҳнинг) азоби ушлади. Бас, (эй мўминлар), Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар ва агар Аллоҳга ибодат этгувчи бўлсангизлар, У зотнинг неъматларига шукр қилинглар!

                                                   (Нахл; 111-114 оятлар мазмунидан)

 

   ๏ Демак, одамзот кенгликка шўхлик қилиб, ношукрлик йўлини танламасдан, ризққа шукр қилиб, шариат маромида иш кўришишга енг шимармоғи керак. Исрофга, риёга чақирилинган пайтда, бошга тушажак балодан огоҳ бўлиш, ундан беэътибор бўлганларга эса оқибат ёмон бўлишини билдириш лозимдир.

 

< فإذا نفخ فى الصور فلا أنساب بينهم يومئذ و لا يتساءلون  فمن ثقلت موزينه فأولئك هم المفلحون و من خفت موزينه فأولئك الذين خسروا أنفسهم فى جهنم خلدون  تلفح وجوههم النار و هم فيها كلحون >

   (سورة المؤمنون)                                                                              

   Бас қачон сур чалинганида (яъни қиёмат қойим бўлганида) ана у кунда уларнинг ўрталарида ҳеч қандай насл-насаб қолмас ва улар бир-бирлари билан савол-жавоб ҳам қила олмаслар. Энди кимнинг (яхшилик) мезонлари (ёмонлик-гуноҳларидан) оғир келса бас ана ўшалар нажот топгувчидирлар. Кимнинг мезонлари енгил бўлса (яъни ёмонликлари яхши амалларини босиб кетса) бас ана ўшалар ўзларига зиён қилибдилар. Улар жаҳаннамда мангу қолгувчилардир. Уларнинг юзларини ўт куйдириб бадбашара бўлиб қолгувчидирлар.

                                                (Муъминлар; 101-104 оятлар мазмунидан)

 

    Бу вақтинчалик ҳаёт асносида мезоннинг яхши амалларга оғир келиши йўлидагина ҳомий бўлиш керакки, у кун насл ва насаб аталмиш яқин муносабатлар ҳам манфаат бермай, фақат амаллар асқотадиган ҳолат бўлишини ёддан чиқармаслик зарур. Киши ўзи қилмаса ҳам, бировларнинг қилаётган ишига ҳомий ёки хайриҳоҳ бўлса ҳам унинг зарарига ҳужжат бўлишидан эҳтиёт бўлиши керак. 

  ๏ Яна тарихнинг зарварақларида огоҳлантирувчи элчи-пайғамбар келганига ва унинг эслатмаларига қарамасдан, баланд бинолар қуриб, фақат ўйин-кулгуга берилган Од қавмининг ҳолатини ўрганиб ўтамизки, улар ўзларини неъматлар билан сийлаган Аллоҳдан қўрқмадилар. Уларга чорва ҳайвонлар, ўғиллар ва боғу-булоқлар берилсада, ўша ҳолатларни етказганини ёдларига солган Ҳудни менсимай муомала қилганлар. Натижада Од қавми Ҳуд алайҳиссаломни ёлғончи қилишгач, Аллоҳ уларни ҳалок этиб, бизларга ибрат қилиб қўйган.

< كذبت عاد المرسلين  إذ قال لهم أخوهم هود ألا تتقون إنى لكم رسول أمين فاتقوا الله و أطيعون و ما أسئلكم عليه من أجر إن أجرى إلا على رب العالمين أتبنون بكل ريع ءاية تعبثون و تتخذون مصانع لعلكم تخلدون و إذا بطشتم بطشتم جبارين فاتقوا الله و أطيعون واتقوا الذى أمدكم بأنعام و بنين و جنات و عيون إنى أخاف عليكم عذاب يوم عظيم قالوا سواء علينا أوعظت أم لم تكن من الوعظين  إن هذا إلا خلق الأولين  و ما نحن بمعذبين  فكذبوه فأهلكناهم إن فى ذلك لأياة و ما كان أكثرهم مؤمنين >  

(سورة الشعراء)                                                                                    

      Од (қабиласи) пайғамбарларни ёлғончи қилди. Ўшанда уларга биродарлари Ҳуд айтган эди: “(Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?! Албатта мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман. Бас Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардирори зиммасидадир. Сизлар ҳар бир тепаликка ўйин-кулгу учун бир белги – баланд биноқураверасизларми?! Ва гўё мангу яшаб қоладигандек қаср-саройлар соласизлар?! Қачон (бирон кишини жазолаш учун) ушласангизлар бераҳмларча ушлайсизлар?! Бас Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! Ва сизларни ўзларингиз биладиган неъматлар билан қўллаган-сийлаган зотдан (Аллоҳдан) қўрқингиз! У сизларни чорва  ҳайвонлар ва ўғиллар билан, боғлар-булоқлар билан қўллади-ку! Албатта мен сизларнинг устингизга улуғ куннинг – Қиёматнинг азоби тушишидан қўрқурман”. Улар дедилар: “Сенинг ваъз-насиҳат қилишинг ёки ваъз қилгувчилардан бўлмаслигинг бизлар учн баробардир (яъни бизларга панд-насиҳат қилиб овора бўлма). Албатта бу (айшу ишратга берилиб умр ўтказиш) аввагилардан қолган одатдир. Бизлар азоблангувчи эмасмиз”.Бас улар (Ҳудни) ёлғончи қилишгач Биз уларни ҳалок этдик. Албатта бунда (яъни Ҳуд ва унинг қавми бўлмиш Од қабиласи ҳақидаги қиссадан) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар.

                                                 (Шуаро; 123-139 оятлар мазмунидан)

 

   Ўзи ва ҳомийликни яхши амалларга қарата олган кимсалар жуда улкан ютуқ эгалари ҳисобланадилар. Чунки улар Яратганнинг амру-фармонларига бўйсуниб, даҳшати кенг ёйилиб, бутун мавжудот ларага тушадиган қиёматдан қўрқадилар. Мискин, етим-есирлар устида фақат Аллоҳнинг ризосини истаб савоб ишларга қўл уриб, ҳомийлик қиладилар.

    ๏ Эзгулик устида ҳомий бўлиш тараддудидаги кимсанинг ёрдам бериши мумкин бўлган кимсалардан бири – “мискин” тоифасидаги кимсалар эканлиги Қуръонда баёни келган. “Мискин” – қорни ва усти етарли миқдорда таъминланмаган ва қаровчисининг ҳам тайини бўлмаган бевалар, ёши катта, кекса ёшдаги ёрдамчиси йўқ кимсалардир. “Етимлар” эса барчага маълум бўлгандек, ота ва онасидан ажраган, ҳали балоғат ёшига етмаган болалардир.

< إن الأبرار يشربون من كأس كان  مزاجها كافورا  عينا يشرب بها عباد الله يفجرونها تفجيرا يوفون بالنذر و يخافون يوما كان شره مستطيرا و يطعمون الطعام على حبه مسكينا و يتيما و أصيرا  إنما نطعمكم لوجه الله لا نريد منكم جزاء و لا شكورا  إنا نخاف من الربنا يوما عبوسا قمطريرا  فوقاهم الله شر ذلك اليوم و لقهم نضرتاة و سرورا  و جزهم بما صبروا جنة و حريرا  متكئين فيها على الأرائك لا يرون فيها شمسا و لا زمهريرا و دانية عليهم ظللها و ذللت قطوفها تذليلا  و يطاف عليهم بءانية من فضة و أكواب كانت قواريرا  قواريرا من فضة قدروها تقديرا  و يسقون فيها كأسا كان مزاجها زنجبيلا عينا فيها تسمى سلسبيلا و يطوف عليهم والدنم مخلدون إذا رأيتهم حسبتهم لؤلؤا منثورا و إذا رأيت ثم رأيت نعيما و ملكا كبيرا  عليهم ثياب سندس خضر و إستبرق و حلوا أساور من فضة و سقهم ربهم شرابا طهورا إن هذا كان لكم جزاء و كان سعيكم مشكورا >     

(سورة لإنسان)                                                                            

   Албатта (ҳаёти-дунёдан Аллоҳ Таъолонинг амру фармонларига итоат қилиб ўтган) яхшилар (жаннатда) мизожи-аралашмаси кофувр – Аллоҳнинг (яхши) бандалари ичадиган (жаннатий) чашма – бўлган майкосалардан (май) ичурлар. Улар у (чашмани ўзлари хоҳлаган жойдан) чиқариб-оқизиб олурлар. Улар (ҳаёти-дунёда ўз зиммаларига олган) назрларини тўла адо қилурлар ва ёмонлик-даҳшатлари кенг ёйилгувчи бўлган (Қиёмат) кунидан қўрқурлар. Ва таомни суйиб-хоҳлаб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва есирларни таомлантирурлар. (Улар айтурлар): “Бизлар сизларни ёлғиз Аллоҳнинг юзидан таомлантирурмиз. Сизлардан (бу ишимиз учун) бирон мукофот ва миннатдорчилик истамасмиз – кутмасмиз. Албатта бизлар Парвардигоримиз томонидан бўладиган, (даҳшатли азобидан юзлар) тиришиб, буришиб қолгувчи бир Кундан қўрқурмиз”. Бас, Аллоҳ уларни ўша Куннинг ёмонлигидан сақлади ва улар(нинг юзлари)га жилва-нур, (дилларига) сурур бахш этди. Ва уларни сабр-қаноатлари сабабли жаннат ва (жаннатда эгниларида бўладиган) ипак (либослар) билан мукофотлади. Улар у жойда сўриларга ястанган ҳолларида ўтирурлар. Улар у жойда қуёш(нинг қизиғи)ни ҳам, замҳарир (қишнинг совуғи)ни ҳам кўрмаслар. (Жаннат) соялари уларга яқин ва мевалари (узиб тановул қилиш осон бўлсин учун) эгиб қўйилган бўлур. Уларда кумуш идишлар(да таомлар) ва ўзи кумушдан (ясалган бўлса-да нафислигидан) шиша-шиша бўлиб кетган қадаҳлар(да шароблар) айлантирилиб турилур. (У шаробларни соқийлар ҳар кимнинг эҳтиёжига яраша) ўлчаб-белгилаб қўйгандирлар. (Жаннат аҳли) у жойда мизожи-аралашмаси занжабил бўлган майкосалар – (жаннатларидаги салсабил-ўтимли деб аталадиган чашма) билан суғорилурлар. Уларнинг устида мангу ёш (яъни ҳеч қаримайдиган) болалар (хизмат қилиб) айланиб турурларки, уларни кўрган вақтингизда (гўзалликлари, рангларининг тиниқлиги ва юзларининг нурлилигидан) сочиб юборилган марваридларми, деб ўйларсиз. У жойда қачон қарасангиз ноз-неъматларни ва катта мулку давлатни қўрурсиз. Уларнинг устиларида яшил ипак ва шойи либослар бўлиб, улар кумуш билакузуклар билан безангандирлар ва Парвардигорлари уларни ниҳоятда покиза шароб-ла суғоргандир. Албатта бу (жаннат ва ундаги ноз-неъматлар) сизлар учун мукофот бўлди ва сизларнинг сайъ-ҳаракатларингиз (Аллоҳ наздида) мақбул бўлди.

                                                   (Инсон; 5-22 оят мазмунидан)

  

    Оятлар тафсилотидан ҳар-бир мусулмон англайдиган ҳақиқат шуки; яхши амаллар устидаги ҳомийлик зиёфат манзили бўлган – жаннатда ажойиб неъматлар берилишлигига зина вазифасини ўтайди. Абадий ҳордиқ ва ором масканида Аллоҳнинг рахматига сазовор бўлиб яшаш, унинг тайёрлаб қўйган ризқларидан шод ҳолда истеъмол қилиб, истиқомат қилиш катта саодатдир. Шунинг учун ҳақиқий иймон лаззатига эриша олган муъминлар ҳамиша яхши ишлар устида амал қилишга бел боғлаб, бировларнинг ҳожатлари олдида ўзлари муҳтож бўлсалар ҳам ҳомийликка шошганлар. Ҳатто пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари қилган сахийлик ҳомийлигига Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳам таажжубда қолганлари тарихимиздан маълум.

 

   ๏ Мужоҳид: “Абу Ҳурайра бундай дер эдилар”, – дейдилар: “Аллоҳ Таъолодан ўзга илоҳ йўқдир! Агар очликдан бағримни ерга бериб ётсам ҳам, агар очликдан қорнимга тош боғлашга тўғри келса ҳам мен шундай деб юравераман!

    Кунлардан бир кун саҳобалар ўтадиган йўл бўйида ўтирган эдим, Абу Бакр келиб қолдилар. Бирор нарса бериб қорнимни тўйғазармиканлар, деган мақсадда у кишини тўхтатиб Аллоҳ Таъолонинг оятларидан қироат қилиб беришларини илтимос қилдим, аммо ниятимни сезмай ўтиб кетавердилар.

    Кейин, Умар келиб қолдилар. Мен бояги мақсадда у кишини ҳам тўхтатиб, Қуръони Карим оятларидан ўқиб бермоқларини илтимос қилдим, бироқ у киши ҳам ниятимни сезмай ўтиб кетавердилар.

   Сўнг, Абулқосим соллоллоҳу алайҳи васаллам келиб қолдилар, мени кўриб табассум қилдилар-да, кўнглимдаги мақсадимни ва юзимдаги изтироб аломатини уқиб:

   “Ё Абу Ҳур!” – дедилар.

Мен:

    “Лаббай, ё Росулуллоҳ!” – дедим.

Росулуллоҳ:

    “Менинг ортимдан юргин!” – деб йўлга тушдилар, мен ортилардан эргашдим.

Юриб-юриб, бир хонадон эшиги олдига келдилар-да, ичкарига кирмоққа изн сўрадилар, менга ҳам изн берилди. Ичкарига киргач, қадаҳдаги сутни кўриб:

 “Бу қандай сут?” – дедилар.

“Фалончи юборибди”, – дейишди.

Росулуллоҳ:

“Ё Абу Ҳур!” – дедилар.

 Мен:

“Лаббай, ё Росулуллоҳ!” – дедим.

Росулуллоҳ:

“Боргин, суфа аҳлини айтиб келгин!” – дедилар (суфа аҳли масжиддаги супада яшайдиган ислом меҳмонлари бўлиб, на бола-чақалари, на мол-дунёлари ва на бир ҳимоячилари бор эди. Росулуллоҳ бирор жойдан садақа келса, ўзлари емай, шуларга юборар, ҳадя олиб келишганда эса, аввал ўзлари татиб кўриб, сўнг улар билан баҳам кўрар эдилар).

   Бу гап менга ёқмади, чунки “Озгина сут супадагиларга етармиди, мен уни бир  ўзим ичсам, бироз танамга қувват кирар эди, суфадагилар келса Росулуллоҳ сутни уларга қўйиб беришимни буюрадилар ва мен насибасиз қоламан”, – деб ўйладим. Лекин, Аллоҳ Таъолога ва унинг росулига итоат этишдан ўзга иложим йўқ эди, бориб уларни чақириб келдим. Улар келиб ўтиришга рухсат сўрашган эдилар, рухсат бердилар. Барча ўзига муносиб жойга бориб ўтирди. Сўнг Росулуллоҳ:

 “Ё Абу Ҳур!” – дедилар.

Мен:

 “Лаббай,ё Росулуллоҳ!” – дедим.

 Росулуллоҳ:

“Қадаҳни олиб, уларга узатгин!” – дедилар.

     Мен қадаҳни олиб улардан бирига узатдим, у тўйгунча ичиб, менга қайтариб берди. Шу тариқ, қадаҳни  бирма-бир ҳаммага узатиб чиқдим, барчалари тўйгунча сут ичишди. Ниҳоят, Росулуллоҳга навбат келди, у зот қадаҳни қўлларига олиб, менга бир табассум қилиб қўйдилар-да:

 “Ё Абу Ҳур!” – дедилар.

Мен:

 “Лаббай, ё Росулуллоҳ!” – дедим.

Росулуллоҳ:

 “Энди, мен билан сен иккимиз қолдик”, – дедилар.

Мен:

“Рост айтдингиз, ё Росулуллоҳ!” – дедим.

Росулуллоҳ:

“Ўтиргин, ич!” – дедилар.

Мен ўтириб, ичдим. Росулуллоҳ шу тариқа қайта-қайта “Ич!” деявердилар. Ниҳоят мен:

“Сизни пайғамбар қилиб юборган Аллоҳ Таъоло ҳаққи, бошқа ичолмайман, вужудимда бўш жой қолмади!” – дедим.

 Росулуллоҳ:

“Ундай бўлса, менга бергин!” – дедилар.

Мен қадаҳни узатган эдим, Аллоҳ Таъолога ҳамду санолар айтдилар, сўнг “бисмиллаҳ” деб, қолганини ичдилар”.

                                                             (Бухорий ривояти)

 

   ๏ Абу Ҳурайра розияллоҳу айтган бошқа хадиси шарифда Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:

“Кимки муъминдан дунё қайғуларидан бўлган қайғуни кетказса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг қайғуларидан бўлган қайғуни кетказади. Кимки қийналганга енгиллик қилса, Аллоҳ унга дунё ва охиратда осонлик беради. Кимки мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини дунё ва охиратда беркитади...” – деганлар.

                                                            (Муслим ривояти)

 

     Демак, эзгулик устидаги ҳомийлик деганда – нафақат кишиларга таом ёки кийим бериб ғамхўрлик қилиш, балки дунёда ғамга ботган инсоннинг ғамини кетказишлик билан, қийналиб, машаққатга тушган кимсаларга енгиллик йўлларида кўмак бериш билан, инсонлигига бориб баъзи камчиликлар содир қилган мусулмоннинг айбини яшириш билан ҳам – ҳомийлик ишини амалга ошириш мумкин.

- - -