Юксаклик сари

Сукутнинг ҳам ўз ўрни бор

1730 Ko'rilgan Юксаклик сари

Сукутнинг ҳам ўз ўрни бор

๏ Сукут – ожизлик белгиси эмас! ๏ Кўп гапиришнинг қалбга ёмон таъсири. ๏ Хатодан йироқ бўлиш учун ва нажотга эришиш учун тилга эҳтиёт бўлиш. ๏ Пайғамбар алайҳиссалом суҳбатлари ўзига ром қилгувчи эди. ๏ Қаерда ва қандай мажлис ёки учрашув бўлиб қолса, унда мавжуд бўлган мусулмон кимса виқорли ва ҳайбатли бўлиши жуда муҳимдир. Виқорли бўлган кимса бировларнинг оёқ остида қолгувчи пой-патак бўлмайди. Ўзига яраша ҳурмати, салобати бўлади. Бундай иззат кишига ўзидан-ўзи келиб қолмайди. Балки, у энг асосий қиладиган иши мазмун-моҳиятли гап гапириши лозим ёки жим туриб, сукут сақлагани яхши. Мазмуни олди-қочди, маҳмадоналикка йўғрилган гап-сўзлар аввало мажлисдош бўлган ҳамсуҳбатлар ўртасида зерикиш ҳиссини ўйғотади. Кейин гапирувчи кимсага нисбатан эътибор сусайиб боради,

у гапга оғиз жуфтлагандаёқ, “шу кимса гапирмаса бўларди”, дейишади ёки ўша ўтирган манзилларидан туриб, гапирувчининг сўзидан ўзини йироққа олишмоқчи бўлишади.

    Жим туриб, сукут сақлашлик – бировлар ўйлагандек заифлик белгиси эмас, балки иймонлилик аломатидир. Чунки, иймон сохиби гапирса фақат яхши гапларни гапиради, нолойиқ сўзларни талаффуз этишдан сукутни афзал кўради.

   Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, гапирса яхши гапни гапирсин бўлмаса жим турсин!”

                                       (Бухорий ва Муслим ривояти)

 

    ๏ Кўп сўзлар охири бориб, кишининг энг эътиборли бўлган ўрни яъни, қалбини қотишликка етаклайди. Қалби қотиб, қорайган кимса эса, Яратган Ҳақ Таъолодан узоқлашиб, ёмон кўрилган банда бўлиб қолади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан марфуъ бўлган хадисда шундай дейилган:

    “Аллоҳнинг зикрисиз сўзларни кўпайтирманглар, Аллоҳнинг зикрисиз бўлган кўп сўзлар – қалб учун қотишликдир. Одамларнинг Аллоҳдан узоқроқ бўлганроғи – қалби қотганларидир”.

                                              (Тирмизий ривояти)

 

   ๏ Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:

   “Кимнинг сўзи кўпайса, тойилиши кўпаяди. Кимнинг тойилиши кўпайса, гуноҳлари кўпаяди. Кимнинг гуноҳлари кўпайса, унга дўзах авлороқдир,” деган эканлар.

 

    Мусулмон кимса доимо дунёда ҳам, охират ҳовлисида ҳам нажот қидиргани, қидирган. Аммо унинг топилиши ва унинг таълими суюкли пайғамбаримиз Мухаммад соллоллоҳу алайҳи васалламдан маълум бўлади. У зотга Робб Таъоло нажот йўлини кўрсатган, ўша нажот ҳақида сўраган сахоба ибн Омирга пайғамбар не деганини билишга ошиқамиз.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу деди:

    “Ё Росулуллоҳ, нажот нима? – деб айтдим.

-Тилингни маҳкам ушла, уйингни кенг қил, хатоларингга йиғла! – деб айтдилар.”

                                                    (Тирмизий ривояти)

 

   ๏ Сахобалардан яна бири, йигирма уч йил давомида у кишининг  атрофида юришга насиб бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу тил борасида гўзал сўзларни айтганлар. У киши Қуръонни моҳир билувчи кимса бўлиб, умматга зарур гапларни айтганларки, унга қулоқ тутиб, ўрганганлар албатта катта манфаат топишида ҳеч шак-шубҳа йўқ.

   Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар:

“Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ эканлигига қасамки, тилимдан кўра узоқ ушланиб туришга эҳтиёжлироқ нарсанинг ўзи йўқ”, дея яна: “Эй тил, яхшиликни гапиргин, муваффақиятга эришасан! Ёмонликдан сукут сақлагин, пушаймонликка ўралишдан олдин, саломат бўласан! – деб айтардилар.

    ๏ Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бир мартагина кўришиб, у кишининг суҳбатидан баҳраманд бўлган кимса, яна қайтиб пайғамбар билан йўлиқишни, суҳбатларига дохил бўлиб, мазмун-моҳиятли сўзларини тинглашни хуш кўришарди. Ҳатто у кишининг ҳузурларида кўп ўтириб қолишар, у кишининг башар эканликларини ҳисобга олмай машаққатлантириб ҳам қўяр эдилар.

 

< يا يها الذين ءامنوا لا تدخلوا بيوت النبي إلا أن يؤذن لكم إلى طعام غير نظرين إنه و لكن إذا دعيتم فادخلوا فإذا طعمتم فانتشروا ولا مسئنسين لحديث إن ذلكم كان يؤذى النبى فيستحى منكم و الله لا يستحى من الحق >

(سورة الأحزاب )                                                              

 

“Эй муъминлар, сизлар Пайғамбарнинг уйларига фақат сизларни бирон таомга чақирилсагина киринглар. (ўшанда ҳам) унинг идишига (яъни, қозондаги таомни пишишига) кўз тутиб тургувчи бўлманглар, балки чақирилган пайтингизда кириб, таомлангач тарқалинглар ва бирон гапга берилган ҳолингизда (у ерда қолиб кетманглар)! Чунки бу (ишларингиз) Пайғамбарга озор берур, у эса сизлардан (яъни, сизларни чиқариб юборишдан) тортинар. Аллоҳ ҳақ(ни айтиш)дан тортинмас.”

                                             (Ахзоб; 53-оят мазмунидан)

 

      Жуда кўп сўзлайдиган кимса, ширин мажлисни ҳам бемазага айлантиради. Жўяли гап гапирувчи ва сўзларидан ҳикматлар томиб турувчи кимсанинг сўзининг ниҳоясига етиши қалбларга маҳзунлик олиб киради. Киши шунинг учун мазмунли сўз сўзлашга тиришиб, мазмунсиз гапларни нутқ қилишдан ўзини сақлагани ўзига яхшидир. Сукут – кўп ўринларда кишига фақат манфаат олиб келади. Кўп хатоликларга кетажак йўлларни беркилишига сабаб бўлади. Киши кўп гапириши натижасида ўзи билмаган ҳолда далилсиз, таги йўқ гапларни ҳам гапириб юбориши мумкин. Кейин эслаганда эса, у ўринда мавжуд бўлганларни қайта топа олмаслиги мумкин, агар топса ҳам хато ва янглиш гапларининг барчасини эслай олмаслиги мумкин.

    Айрим ўринларда киши гапдонликка берилиб кетиб, кимларнидир мақтаб юбориши ва аксинча эса унга нисбатан бўҳтон қилиб қўйишининг ҳам эҳтимоли бор.

- - -