Юксаклик сари

Фитналардан сергак бўлиш

1761 Ko'rilgan Юксаклик сари

Фитналардан сергак бўлиш

๏ Молу-дунё фитнаси. ๏ Ботиний ва зоҳирий фитналар. ๏ Фитна таъсир қилмаслиги учун не қилиш керак? ๏ Фитна – олов кабидир. Туташи осон, ўчирилиши эса жуда мураккабдир. Молу-дунё фитнаси деганда – динда қолдирилаётган амалларга эмас, балки дунё ташвишларидан бирон нарсага етиша олмагандаги куюкиб, чираниш тушинилади. Фитналарнинг бир қанча мартаба-даражалари бор. Улардан баъзилари қуйидагилардир: 1. Ботил-ноҳақликни деб ҳақни тарк этишлик, бу ботилга алданув фитнаси. 2. Фазлли қилинган нарсанинг ҳаққи билан машғул бўлиб, фозил бўлган кимсанинг ҳаққини тарк этиш фитнаси. 3. Махфий бўлган фитналарки, уларни кўп одамлар кўрмайди ёки сезмайди. 4. Зоҳир бўлган, яъни одамлар кўриб ва билиб турадиган фитналардир.

   ๏ Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламдан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ривоят қилган хадис ичида жумладан шундай дейилган:

    “Аллоҳдан зоҳир бўладиган ва яширин бўладиган фитнадан паноҳ сўранглар”.

                                               (Муслим ривояти)

 

    Фитналар – Аллоҳнинг буйруқларидан бўлган амрлар одамлар амаллари ичида йўқола бошлаганда зоҳир бўлиб, униб-ўсишга тушади.

< فليحذر الّذين يخالفون عن أمره أن تصيبهم فتنة >

( سورة النور )                         

 “Унинг амрига хилоф қилишиб, фитна билан мусибатланишларидан огоҳ бўлишсин!”

                                        (Нур; 63-оят мазмунидан)

         

   Маъсиятларнинг озайиб, кўпайишига қараб фитналар ҳам озайиб, кўпаяверади. Иймонли кимсани фитна ўзгартира олмайди. Чунки у иймонига содиқ ҳолда яшайди ва маъсиятлардан эҳтиётланиб умр кечиради.

   ๏ Муъмин хақни яхши анлаб, уни билгани учун атрофида қўзғолган ҳар қандай фитнани илғайди. Унга алданмайди, одамлар эргашса, эргашиб кетмайди. Чунки, хақ одамлар эргашаверадиган томонда бўлавермайди. Хузайфа розияллоҳу анҳу айтганлар:

    “Динингни билган ўринда фитна сени зарарлантира олмайди!”

Саломат йўл топа олмай шубҳага боришнинг ўзи – фитналардан биридир. Чунки ўша чоғда жаҳолат устунлик қилиши, илм-маърифат сендан чекиниши мумкин. Яна Хузайфа розияллоҳу анҳу:

“Сенга хақ ва ботил бир-бирига ўхшаб қолса ва қайси бирига эргашиб кетишни билмасанг, ана ўша фитнадир!” – дедилар.

   Фитна палласида дунёсида саломат ўзини тута билган ва охирати томонга ишларини силжитишга ҳаракат қилган кимса – одамларнинг яхшиси бўлади. Фитна таралишга тушганда олимларнинг насиҳатларига қулоқ тутилади, ўзининг ўйи ва ҳавосига тобеъ бўлинмайди. Чунки, Аллоҳдан қўрқувчи олим – инсонни  ўз домига тортиб, ишларини йўққа чиқарувчи фитна билан кишининг охиратга олиб кетадиган ажрли йўлини ажратиб бера олади.

   Дунё фитнага тўлса, фасодлар дарёдаги сувлар мисоли оқишга тушса, фақат ва фақат Аллоҳга қочиш, унинг амрларига берилиб амал қилишга ўтиш керак.

< ففرّوا إلى الله إنّى لكم منه نذير مبين >

( سورة الذّاريات )                     

 

    “Бас Аллоҳга қочинглар! Албатта мен сизларга очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман”.

                                      (Зарият; 50-оят мазмунидан)

 

- - -