Юксаклик сари

Ўрганга амал қилиш

1833 Ko'rilgan Юксаклик сари

Ўрганга амал қилиш

๏ Илмга амалсизлик – Иблисга ўхшашликдир. ๏ Олдинлари олимлар илм деганда тушунадиган ҳолатлар. ๏ Илм булоғидан қониб ичган фақиҳ сахобалар, фақиҳ тобеъин ва уларнинг шогирдлари. ๏ Мустаҳкамликка етишишнинг улканроқ ҳолати бу – ўрганган илмга амал қилиш билан бўлади. Тавфиқ илмда эмас, балки унга амал этиш биландир. Илм амалсизлик билан бўлса уқубатдир. Кишининг илми зиёда бўлаверса-ю, амали оз бўлса унда Иблисга ўхшашлик вужудга келади. Илм билан бирга амал ҳам зиёдалашса анбиёларга ўхшашлик вужудга келади. Илм – ақлни поклайди, амал эса нафсни поклайди. < و لو انهم فعلوا ما يوعظون به لكان خيرا لهم و اشد تثبيتا > ( سورة النساء ) “Агар улар қилинган ваъз-насиҳатларга амал қилганларида эди, ўзлари учун яхшироқ ва иймонларини мустаҳкам қилгувчироқ иш бўлар эди”. (Нисо; 66-оят мазмунидан)

Илмни кўп китобларни мутоъала қилишлик, кўп саҳифаларни кўздан кечириб чиқиш дебгина тушунмаслик керак. Бугунги кунда айнан Исломга қарши бўлганларнинг аксари мусулмонларга қараганда кўпроқ китобларни титкилаб чиқмоқдаки, уларнинг мақсадлари унга амал этишлик эмас, балки айнан унинг хилофини қилишдан иборатдир. Шу билан бирга аслида манфаатни ҳоҳлаб, Исломнинг кўрсатмаларига тўла амал этмай, ҳавоси билан иш тутишга тушиб қолганлар ҳам йўқ эмас. Уларнинг беамаллик билан қилаётган ишларига гувоҳ бўлган авом халқ, ўша амалларни ҳам қилса бўладиган ишлар сирасидан деб билиб, аросат кўчасига юз тутишади. Шунинг учун халқда: “Омининг вафоти ўзининг вафоти, олимнинг вафоти оламнинг ҳалокати”, – деган нақл юради.

   ๏ Беамалликка хос ҳолатларни аввалги олимлар хуш кўрмаганлар. Улар илм деганда аввал ўрганишни; эшитиш, ёд олиш, китобат қилиб ёзиш, юртлар кезиб илм талаб қилиш деб тушунган бўлса, иккинчидан; билган илмларига мувофиқ ҳаёт ичидаги турмушларини тартиблаш деб билганлар. Учинчидан эса; ўзлари билиб, сўнг амал қилаётган ишларни ўзгаларга етказиш деб билганлар.

   Етказиш амалдан кейинги илмнинг узвий поғонасидирки, илмни ўрганиб унга амал қилмаган – илм шартини бажарувчи бўлмагани каби, уни етказмаслик ҳам хиёнат, ҳам илм шартини бузувчи ҳол, деб эътибор қилинган. Аллоҳ Табарока ва Таъоло набиййи Мухаммад алайҳиссаломга етказиш ишини амр этдики, бу амр у кишининг умматларига ҳам тегишли амрдир.

< يأيها الرسول بلغ ما أنزل إليك من الربك >                             

(سورة المائدة)                                                                                          

    “Эй росул, сенга Роббинг тарафидан нозил бўлган нарсани етказ!”

                                               (Моида; )

  

  ๏ Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламни устоз тутиб, у кишининг илмларини ўзлаштирган сахобалардан 195 нафари фақиҳ бўлиб, улардан кейинги авлод бўлмиш тобеъинлардан 321 нафари фақиҳликка етишди. Яъни, сахобаларнинг қилган меҳнатлари, жидду-жаҳдлари, етказувлари ортидан тобеъинларга илм кўчиб ўтди. Юқоридаги рақамлар эса энг йирик фақиҳ олимлар ададидирки, уларни яна ҳам батафсилроқ ёритамиз.

    Баъзи сахобалар бўлдики, илмни нақл этишлик билан эмас, балки унга амал қилишлиги орқали уни тобеъинлар билиб, ўрганганлари ҳам бўлди. Шундай қилиб, пайғамбар алайҳиссаломдаги илм ҳам илмий, ҳам амалий турмуш тарзи орқали бахтли инсонларнинг иккинчи қатлами бўлмиш – тобеъинларга ўтиб, улардан эса табаъа тобеъинларга ўтди. Юқорида айтилган 321 нафар фақиҳ тобеъин олимларнинг қайси шаҳар ва юртларда илм таратганлиги қуйида баён қилинган:

  1. Мадинайи-Мунавварада – 80та;
  2. Маккайи-Мукаррамада – 16та;
  3. Яманда – 6та;
  4. Басрада – 60та;
  5. Куфада – 112та;
  6. Шомда – 30та;
  7. Мисрда – 7та.
  8. Турли шаҳар ва юртлардагилари эса – 10тадан иборат бўлган.

 

Энди эса тобеъин олимларнинг етказуви асосида илм олган фақиҳларнинг баёни келган:

  1. Мадиналик 80 тобеъиндан – 21 табаъа тобеъин илм ўрганган. Улар асосан; намоз, закот, рўза, экинчиликка хос, хадлар ҳақида, келишувлар, мерос бўйича фақиҳ бўлганлар.
  2. Маккалик 16 тобеъиндан – 12 табаъа тобеъин таҳсил олган бўлиб, улар дақиқ фақиҳлар эдилар. Улар хаж маносиклари, қон, садақалар ва ижара ҳақида фиқҳ ўрганганлар.
  3. Басралик 60 тобеъиндан – 32 табаъа тобеъин илм олган.
  4. Куфалик 112 тобеъиндан – 47 табаъа тобеъин таҳсил олган.

 

Бағдодда ҳам 11нафар табаъа тобеъин фаолият юритганини ҳам қайд этилганки, улар асосан; таъзирлар, диялар ва аҳли-зимма ҳақларида фиқҳни илгари сурган эканлар. Мана шу илм аҳли силсиласи орқали ер юзига Исломнинг ёғдуси таралди. Чанқоқ ва ташна қалблар бу илм булоғига енг шимариб ҳам таълим олишга, ҳам амал қилиб, етказишга киришди.

- - -