Юксаклик сари

Илмга оид рисола

1984 Ko'rilgan Юксаклик сари

Илмга оид рисола

๏ Олим ва жаҳолат сохиби орасидаги тафовут. ๏ Ота ва фарзанд анбиёларга берилган фазл. ๏ Илмни мустаҳкамловчи омил. ๏ Илмнинг икки оёғи. ๏ Ҳовлиқмалик, яъни шошма-шошарликни сахобалар ёқтиришган эмас. ๏ Олим билан жаҳолат эгасининг ўртасида жуда катта тафовут ва айирма мавжуддир. Аллоҳ Табарока ва Таъоло уларнинг ўртасидаги фарқ ҳақида Қуръонда маълумот берган: < أفمن يعلم أنما أنزل إليك من ربّك الحق كمن هو أعمى إنما يتذكر أولوا الألباب > (سورة الرعد ) “Сенга Роббингдан хақ нозил қилинганини билган кимса – у кўзи ожиз бўлган кўр кимса каби бўлурми?! Фақатгина ақл эгаларигина эслатма олур”. (Роъд; 19-оят мазмунидан)

   Жаҳолат эгаси ўз нафсини англай билмайди, аммо илм сохиби бўлган киши жоҳилнинг ҳолини унинг ўзидан кўра яхши тушунади. Чунки, олим илм олишдан аввал жоҳил бўлган ва унинг жуда ачинарли ҳол эканлигини билиб, етган ҳисобланади. Киши илм олиши ортидан ўша илми фойда беради, у тавозеъли-камтар кимсага айланади. Агар илмидан жаҳолати устун келса, такаббур ва манмансирашга ўтади. Шунинг учун амалли ва содиқ олимлар айтганларки;

   “Илм эшикларининг аввалги эшиги – киши ўзининг жоҳил эканлигини билиб, англашидир”.

   Демак, киши ўзини жаҳолатда эканлигини англаган инсон, биринчи ўз жаҳолатига қарши курашади. Уни маърифатга тўлдиради ва аҳлини ҳам илм-маърифат булоғи томон етаклайди.

   Энди илм ва илм аҳлининг фазли, бошқа одамлардан даражалари улуғ эканлиги борасида олимларнинг ҳужжатларини синчиклаб ўрганишга киришсак, бу ўрганишимиз шояд илмга бўлган мухаббатларимизни ортишига сабаб бўлса ва илм йўлида ўзимиз, ҳамда  аҳлимизни илм сохибларидан қилишга интилишимизга туртки бўлса. Олимларнинг берган ибора ва ҳужжатлари қўштирноқ ичида берилди.

  ๏ “Илм неъмати инсонлар орасидаги фазл аталмиш – зиёда юксаклик неъматидир. Зеро, Аллоҳ:

< ولقد آتينا داود و سليمان علمًا و قالا الحمد لله الذى فضلنا على كثير من عباده المؤمنين >

( سورة النمل )                                                              

 

“Биз Довуд ва Сулаймонга илм ато этдик. У иккиси деди: “Бизни кўп муъмин бандаларидан фазлли қилган Аллоҳга хамд бўлсин!” – деб марҳамат қилган.

                                                   (Намл; 15-оят мазмунидан)

 

   Икки ота-ўғил пайғамбарлар ўзларига берилган илмни “фазл”, яъни юксаклик белгиси деб айтдилар. Фазл айниқса муъминлардан-да юксак қилингани Довуд ва Сулаймон алайҳимассалом томонидан эътироф қилинганини Аллоҳ ояти ила билдирмоқда. Ҳаёт давомида кўп одамлар ўзларига ўхшаган одамлардан ортиқ бўлиш учун интиладилар. Меҳнат қилади ва изланади. Алал-оқибат улар ўзларининг ўлчовлари бўйича кимлардандир ўзиб кетган бўлиб кўринишади. Дейлик у мартаба-обрўда баланд супаларга етгандир. Балки молу-давлати кўпайиб, кўпчиликни ортда қолдиргандир. Ёки куч жамлашда бировлар унинг қуввати олдида ипак эша олмай қолгандир. Нима бўлганда ҳам бугун бўлмаса эртага, эртага бўлмаса вафотига қадар ерга қоришиб кетадиган ортиқликка эга бўлади холос. Чунки у ортиқлик ўзи ўйлаган ва давоми йўқ ортиқликдир.

   Аллоҳ берадиган фазл эса – абадий ортиқлик мисоли бўлган, юксаклик поғонасидирки, у поғонадан уни ҳеч ким, ҳеч қачон тушира олмайди. Илм берилса – ўша поғона, ўша фазл берилаётган бўлади. Икки пайғамбар Аллоҳ Таъолога хамд айтиб, суюнган фазл илм ортидан келган фазлдир.

   “Илм эгасини Аллоҳнинг ўзи даражасини кўтаради. Жаҳолат эгасини эса одамлар кўтаради. Қуръонда:

< يرفع الله الّذين آمنوا منكم والذين أوتوا العلم درجات >                 

( سورة المجادلة )                                                 

 “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм берилинганларнинг (даражаларини) кўтаради”,

) Мужодала; 11-оят музмунида) – дейилган бўлса, хадисда эса Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлар жаҳолат эгаларини етакчи қилиб тутадилар... Бас адашадилар ва адаштирадилар”, – деб айтганлар.”

   “Одамларнинг хайрлилари –  яхшиликни таълим бериб, ўргатувчиларидир. Одамларнинг ёмонроқлари эса – ёмонликни ўргатувчиларидир. Аввалги иш шуки; яхшиликни ўргатувчига вафотидан сўнг  хасанотлар оқиб бориб турса, иккинчи иш шуки; ёмонликни ўргатувчига унинг ёмонликлари етиб туради. Уни тўхтата олишга у молик бўла олмайди”,

   Илм аҳли бўлган кимса ҳамиша одамларга яхшиликдан сабоқ бериб, насиҳат қилади. Аллоҳни бир деб билишни, ҳамда росулини ҳақ деб билиб, унга итоат лозимлигини, ота-онага яхшилик қилишни, қўшни ва қавми-қариндошлар билан гўзал муомалада бўлишни ва ҳаётга зарур барча нарсаларни, охиратга олиб кетиш учун зарур амалларни таълим беради.

  ๏ “Илм инсонни мустаҳкамлайди ва ибодат эса илмни мустаҳкамлайди. Инсон илмсиз бўлса – у жоҳилдир. Олим эса ибодатсиз – ҳавойи-нафсининг олдида ожиздир. Илм – ўз сохибига оғир юкдир, унинг омонатини ибодатда қадами собит бўлмагунича унга кучи етмас. Илм эгасига зарарлироқ нарса у – ибодатдаги нуқсондир. Обидга зарарлироқ нарса эса – илмдаги етишмовчилигидир. Илм ва ибодат – мустаҳкамлик қозиқларидир.”

    Илм олишга кўпчилик қизиқиши мумкин, лекин уни эгаллашда эса жуда оз сонли кишиларгина саботли қолади холос. Баъзиларга зеҳн, баъзиларга қобилият етишмаётганга ўхшайди. Илмни маҳкам ўзлаштириш учун энг муҳим иш – Аллоҳдан сабот сўраш ва доим Аллоҳни зикр этиб юришдир.  “Аллоҳнинг зикри – илмнинг саботли бўлишига етаклайди. Қуръонда: “Ва унутиб, эсингдан чиқарсанг, Роббингни зикр қил!” – деб марҳамат қилинган.”

    Илм аҳлларини лозим тутиб, уларнинг сўзлари-ю, феълларидан нафланиб, фойдаланиш амали – анбиёларнинг йўллари ҳисобланади.

< قال  له موسى هل أتّبعك على ان تعلّمن ممّا علّمت رشدًا >   

              ( سورة الكهف )                                                       

                                                                   

                                                                                                        “Мусо (Хизр)га деди: “Сенга билдирилган илмдан менга ҳам тўғри йўлни таълим беришинг учун сенга эргашсам майлими?!”                                   

                                      (Каҳф; 66-оят мазмунидан)

 

    Илм ўз-ўзидан келмайди, балки уни аҳли-илм кимсаларни йўлиқтириб, уларнинг илмларидан баҳра олиш билан амалга ошади. Илм аҳлининг ўз ҳавою-нафсига эргашган, дунёга майли қаттиқ бўлганлари ҳам бор бўлиши мумкинки, ундай кимсаларга шогирд бўлишдан сақланиш лозимдир. Чунки илм олишдан мурод, уни ҳаётга тадбиқ этиб, тажрибада қўллашдир. Ҳаётга ўрганганларини татбиқ этмай, аксинча ўзи унга хилоф иш қилаётганлар олим бўлиб кўринсада, эътиборга лойиқ эмасдир. Фақат амалли, гўзал хулқли илм аҳлларигина эътибор ва таълим олишга сазовор кимсалардир.

  ๏  “Илм – ўрганилаётган нарсани ёд олиш ва уни фаҳмлашдир. У иккиси, яъни ёдлаш ва фаҳмлаш илмнинг икки оёғи бўлиб, у иккиси билан юра олади. Фаҳмламасдан ёд олиш – жаҳолат ва алданишдир. Ёд олишсиз фаҳмлаш эса – ожизлик ва қусурликдир.”

   “Илм зиёдалиги – уни талаб этилса, тезлик билан келувчи ҳолат эмасдир. Илм сабот ва чидам билан туриш орқали меҳнат билан келажак ҳолдир. Қуръонда бундай дейилган:

ولا تعجل بالقرءان من قبل ان يقضى إليك وحيه ، وقل ربّ زدنى علمًا

( سورة طه )                                         

 

“Сенга у (Қуръон)нинг ваҳийси битмасидан олдин қироъат қилишга зудлик ила шошилма ва Роббим илмимни зиёда қил, деб айтгин!”

                                        (Тоҳа: 114-оят мазмунидан)

 

 ๏  “Сахоба розияллоҳу анҳумлар илмларни даражама-даража ёд олардилар, уни шошилишлик билан ёд олмас эдилар. Чунки унинг ёдда сақланишини мустаҳкамлардилар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Қуръонни ёд олишга шошган кимсани эшитганларида шундай дегандилар: “Бу ҳовлиқмаликдақа – шошишларини яхши кўрмайман”.

- - -