Юксаклик сари

“Азму-қарор – ниятнинг мустаҳкамлигидир!”

1932 Ko'rilgan Юксаклик сари

“Азму-қарор – ниятнинг мустаҳкамлигидир!”

๏ Қалб ва унинг жасадларга таъсири. ๏ Қалб ҳақида Росулуллоҳнинг айтганлари. ๏ Азму-қарорнинг мустаҳкам бўлмаслиги кишини нималарга етаклайди? ๏ Азму-қарорнинг яхши бўлиши ва софлиги ҳақида олимларнинг далиллари. ๏ Кишига берилган қалб барча аъзоларни етакловчи куч эканлиги мусулмонга маълум ҳақиқатдир. Қалб ўзгариб туриши билан бошқа аъзолардан фарқ қилади. “Қалб” – араб калимасидан бошқа ҳалқларнинг тилига шундайлигича қабул қилинаркан, асли “ўзгарувчи” маъносини англатишининг ўзи қалбнинг нозик ва мураккаблигини билдиради. Кўзнинг кўриши унинг вазифаси ва шуни бажаришидан бошқа хусусиятга бурилмайди. Қулоқ эшитади, эшитиб-тинглашдан бошқа вазифа томон буришнинг ўзи машаққатдир. Тил гапиради, мақсадларни баён қилиб, тушунтиради. Аммо тил воситаси билан кўриш, эшитишни амалга ошириб бўлмайди. Шу каби ҳар-бир ато этилган неъматларнинг ўз бажариш вазифалари ва хусусиятлари мавжуддир.

   Қалб эса эшитилган, кўрилган нарсаларни жамлаб бир қарорга келувчи аъзоки, айнан унинг ўзи орқали бир амални қилиш, қилмаслик вужудга келади. Қалб йўналтирган ишларга бошқа аъзолар ҳам итоат қилиб, уни адо қиладиган қилиб қўйилган. Баъзида қалб қулоққа эшитишни амр этса, баъзида эшитмаслликка амр этади. Баъзида қалб оёққа юришни тўхтатишни буюрса, баъзида ҳатто югуришни амр этиб уни халлослашни истайди.

   ๏ Қалб амал вужудга келишида муҳим ўринни тутгувчи аъзо бўлса, уни салоҳиятда ушлаш жуда зарур ҳол деб эътибор қилинади.

< عن نعمان بن بشير رضي الله عنه قال، قال رسول الله صلّى الله عليه وسلّم وإن فى الجسد مضغة إذا صلحت صلح الجسد كله و إذا فسدت فسد الجسد كله إلّا و هى لبقلب >

(رواه البخارى و مسلم )

 

Пайғамбаримиз Мухаммад соллоллоҳу алайҳи васалламдан Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган хадисда, жумладан шундай дейилган ўрин мавжуд:

   “...Ва албатта жасадда бир парча гўшт бор. Агар у – салоҳиятда бўлса, жасаднинг барчаси салоҳиятда бўлади. Агар у – фасод бўлса, жасаднинг барчаси фасод бўлиб, бузилади. Огоҳ бўлингки, у – қалбдир!”

                                      (Бухорий, Муслим ривоятлари)

 

   Қалб энг яхши ниятлар манзили бўлиши учун ҳар-бир мусулмон ҳаракат ва жидду-жаҳд қилиши керак. Қалбни Исломга мойил қилиш орқали кишининг қалбдаги азму-қарори қатъийлашади. Азму-қарори қатъий инсон нопок томонга бурилиб кетмайди. Қуруқ ваъдаларга, қинғир йўллар оқимига тушмайди. Гапираётган сўзларида субут вужудга келиб, бир сўзли инсонга айланади. Амали охирига етувчи, гўзал амалли кимса бўлиб қолади.

   Кимда қалбининг нияти дунё лаззатларига етишиш бўлса, охират ишларига сустлик уни эгаллайди. Азму-қарори қурт кемирган ёғочга ўхшаб, заифлашади. Синиши ва қулаб кетишга яқин бўлиб қолади. Уни адашиб-улоқиши, тиниқ кўринган йўлларнинг қай бирига бўлса ҳам юриб кетаверади. Сўзлаётган ва ваъда қилаётган гапларида субут аталмиш жавоҳир топилмайди.

   ๏ Азму-қарорнинг мустаҳкам бўлмаслиги кишиларнинг нопок ишлардан тўла халос бўлмаслигида ҳам катта тўғаноқ вазифасини ўташи жуда ачинарлидир. Бир кимса нопок бўлган сигаретни ташламоқчи. Унга кетаётган умри ва сарф этилаётган маблағлардан ичи ғамланишга тушган. Лекин азму-қарорининг заифлиги унга панд бериб, ташлаган исқирт нарсасини бошқа кашандаларни кўрганда хумори тутиб, яна эски ботқоқлигига қараб шўнғишга тушади. Маълум вақт ўтиб, яна сипо инсонга айланади-да, унинг бадбўй ҳидидан парҳез қилиб қолади. Аммо кўп ўтмай яна ва яна “суюмли” иллатига қайтади. Бошқа нопок ишларни қилувчи кимсаларнинг ҳоли ҳам азму-қарорлари ожиз бўлгани учун нопок ишларидан бира тўла қутулиб кетиши жуда мушкул бўлиб кўринади. Натижада берилган имтиҳон палласи жирканч амаллар орасида ўтиб кетади.

   Азму-қарор ишларда топилинмаса, ишлар заифлигича қолади. Киши кичкина амал олдида ҳам ўзини ҳақир ҳисоблайди ва уни бажаришдан шашти қайтади. Агар азму-қарор дилда маҳкам тугилса, киши учун амалнинг катта-кичиклигининг фарқи бўлмайди. Ёз-қишлигининг, саҳро-бўстонлигининг, қуруқлик-денгизликнинг ҳам у учун айирмаси бўлмайди. Аҳамиятлиси ўша иш-амал бажарилса бўлди.

๏ Олимлардан қолган далиллар бор:

   “ Азму-қарор яхши ўйлар устида бўлса, Аллоҳнинг ўзи ўша ўйларни амалга ошишига ёрдам беради ва унинг қилувчисига сабабларни ҳосил қилиб қўяди. Қуръонда;

< ربّكم أعلم بما فى نفوسكم إن تكونوا صالحين فإنّه كان للأوابين غفورا >

 ( سورة الإسراء  )                                                 

 

“Роббиларингиз нафсларингиздаги бор нарсаларни билгувчироқдир, агар солихлардан бўлсаларингиз”, – деб баён этилган.”

                                           (Исро; 25-оят мазмунидан)

 

   “Аллоҳ инсоннинг азму-қарорининг софлиги сабаб амалларидан кўра кўпроқ ризқ беради. Қуръонда;

< إنّ يعلم الله فى  قلوبكم خيرًا يؤتكم خيرًا ممّا أخذ منكم و يغفر لكم >

( سورة الأنفال  )                                     

 

 “Агар Аллоҳ сизларнинг қалбларингизда яхшиликни билса, сизлардан олинган нарсадан яхшироғини беради ва сизларни мағфират қилади”, – деб марҳамат қилинган”.

                                           (Анфол; 70-оят мазмунидан)

 

   “Азму-қарори ихлос билан тўлган кимсалардан ёмонликлар кетказилади, агарки унга яқинлашиб қолган бўлса ҳам. Қуръонда;

< كذلك لنصرف عنه السوء والفحشاء إنّه من عبادنا المخلصين >

( سورة اليوسف )                                           

 

“Шунингдек ундан ёмонлик ва фахшларни кетказамиз. Албатта у бизнинг ихлосли бандаларимиздандир”, – дейилган.”

                                                 (Юсуф; 24-оят мазмунидан)

- - -