Юксаклик сари

“Нимани асраш муҳим?”

1740 Ko'rilgan Юксаклик сари

“Нимани асраш муҳим?”

๏ Инсон нималарга юраги сиқилади? ๏ Исломни асраш ғамидаги Сухайб. ๏ Ҳозирги пайтдаги ташвишлар ва одамларни кўпроқ авайлашга эътиборларини қаратаётган жиҳатлар. ๏ Олим кимсанинг одамлар хусусидаги хулосаси. ๏ Инсон дунёни англаганидан бошлаб, унинг зийнатларига меҳр қўя бошлайди. Қўлга киритганларига эса асраб-авайлаш билан муомала қилади. Агарда бирон-бир жиҳозигами, ашёсигами талафот етгудек бўлса, жон томирларидан гўёки бир томир узилгандек бўлиб, талвасага тушади. Ўша дунёга алоқадор нарсани йўқотса бир қанча муддат ичи эзилиб юради, доим эсласа юраги сиқилади. Солиҳ инсонлар ҳам ўшандай тарзда умр ўтказганмилар?! Йўқотган нарсалари устида қанчалар қайғу-аламга ботишган?! Ёки улар бошқача ҳаёт устида бўлганмилар?!

   Албатта уларнинг ҳол ва кайфиятларини уларни ўрганиш асосида билиб олишимиз мумкин. Маккайи-Мукаррамадан ўз динларини асраш мақсадида Мадинайи-Мунавварага ҳижрат қилган муҳожир сахобаларга эътиборимизни қаратайлик. Улар Мадинага кетаётганида бугун одамлар жон олиб, жон бераётган нарсаларини тарк этиб, фақат ва фақат Аллоҳ юборган Исломнигина асраш пайига тушган эдилар. Уй, ҳовли-жойлар, асбобу-анжомлар, жиҳозу-ашёлар, ҳаттоки олтин ва кумушларини ҳам қолдириб яхшилик сари отландилар.

    ๏ Сухайб розияллоҳу анҳу Румдан келиб, Маккада мол жамғарган кишилардан эдилар. Уни Румий деб ҳам номлардилар. Моллари бир қанча ададга етганида, ҳижрат учун бел боғладилар. Аммо Макка мушриклари уни қўйиб юбормаслик учун жиддий чоралар кўриб қўйган эди. Уйини бир қанча одамлар қўриқлар эди. Унинг ҳатти-ҳаракати уларнинг назорати остида эди. У Маккадан чиқиб кетиш учун тадбир қилмоқчи бўлиб, ўйлана бошлади.

   Сухайб розияллоҳу анҳу ўзини қорни оғриган кимса қилиб кўрсатишга уринди. Унинг доимий ҳаракатини кўриб турган қўриқчилар секин-аста бепарволикка берила бошлашди. Бундан фойдаланган сахоба уловини миниб, жўнаб қолди. Унинг кетаётганини пайқаб қолишгач, мушрик қўриқчилар дарҳол унинг изидан тушишди. Ортидан тинимсиз қувиб келаётган ёвни кўрган Сухайб бир тепаликка чиқди ва уларга унга зарар етказишга уринишса, у ўзининг мерганликда иқтидорли эканлигини ҳам эслатиб, уларга ҳам зиён етказа олишини билдирди. Шунинг учун ўзига зиён етказишмаса, Маккада қолдираётган молининг хабарини айтадиган, улар эса унга зиён етказмай Мадинага кетишига ҳалақит бермаслигини айтгач, улар рози бўлишиб ортларига қайтиб кетишди.

   Демак, Сухайб розияллоҳу анҳу ва у киши қатори кўплаган сахобалар, тобеъинлар, ҳамда илм-маърифатли инсонлар динини ҳамда иймонини авайлаб, асраш йўлида жамғарган молу-давлатидан кеча олишди. Дунё матоҳларидан исломни устун кўришди. Дунё нарсаларини топиш мумкинлигини, аммо икки дунё калити бўлган динини йўқотиб қўйсалар, ҳасрат ва надоматга ўралишларини англаб, Исломни маҳкам тутиб, унинг ғамида бўлдилар ва унга етиш йўлида молларини қурбон қилишди.

   ๏ Энди эса одамларнинг баъзилари молга етмоқ учун Исломнинг арконлари бўлмиш беш вақт намозни тарк этмоқдалар, рамазон рўзасини адо этмай иш-юмушлар билан овора-сарсондирлар. Илмдек бебаҳо амални тарк этиб, китоблар мутоъала қилиш ўрнига ўзларига алоҳида банд этажак ишларни ихтиро этганлар. Емакхоналарда эрта-ю, кеч таомхўрлик қилиб, қорин қашийдилар. У ҳам етмагандек, бутун ташвиш ва ғамларини музлатгичларини тўлдириш, келгуси ой, келгуси йил емаги учун қилган бўлиб, аксар вақтларини ўша ғамларга сарф этадилар.

    Бошқалари эса ўзлари истиқомат қилиши даргумон бўлган масканлар бино қилиш ғамига ўралганлар. Керагидан ортиқ даражада, меъёрлардан ўтиб кетган тарзда иморатлар қуриш ташвишига ўралиб қолганлар. Уста қидириб топиш баъзиларига муаммо бўлса, баъзиларига қандай жиловда ранг танласам, лойиҳа танласам деб, бошлари қотийди. Айримлари эса тўй ўтказиш тадоригини керагидан ортиқча уюштириб олиб, зиёфатга кетажак маҳсулотлар етказиб келиш саргардонлигига мубтало бўлган.

   Юқоридаги бошқа ташвишларга ўралиб қолганларнинг жуда кўплари охират ғами аталмиш тоатлар билан ишлари йўқ. Эсларига келганда тоатли бўлиб кўринсада, тоат ғами уларга ҳеч қандай масъулият юкламайдигандек кўп вақтларини бепарволик билан ўтказадилар.

    ๏ Олим кимсалардан бири айтган эканлар:

“Кўп инсонларни кўрдимки, мана бу қабргача етиб келадигангина ишлар билан машғул эканлар. Қабр ичида ва ундан кейин керак бўлажак ишлар билан парволари палак экан. Мен эса қасд қилдимки, ҳаётим давомида мана шу қабрга келгандан кейинги амалларга жиддий бўламан!”

    Инсон ҳаёти ичида ҳоҳласа ҳам, ҳоҳламаса ҳам нималарнидир эҳтиётлаб, асраш ҳиссига эга экан. Шу билан бирга асраш ишига қўша унинг ғамига, ташвишига ўралиб қолар экан. Бу ҳолатларни ҳар-бир оқил инсон агар соғлом ақли ила тафаккур этиб кўрса, албатта англаб етади. Демак, энди хулоса қилинса, кимга нима кўп эътиборли бўлса ўшани асраб-авайлашга тушади, уни жони баробар эҳтиётлаб, муҳофаза қилади. Натижада унинг бу ҳаракатлари ўша нарсанинг ғамига, ташвишига тушишга етаклайди. Ўша асраётган, авайлаётган нарсасининг илинжида меҳнат-машаққатлар чекади, унинг ўтида ёниб-куяди.

   Инсонга бу ҳаёт бир марта берилган экан, уни гўё яна қайтиб келадигандек ўтказмаслик муҳим! Ҳаёт – охирги имкониятдан фойдаланиш холосдир. Қолган ғами қилинаётган, муҳофаза қилишга ошиқилаётган нарсалар йўқотилса ёки талафот етса қайта топиш мумкин, аммо ҳаёт аталмиш бебаҳо умрни қайтаришнинг иложи асло йўқдир. Шунинг учун Ҳақ Таъоло юборган ҳидоят бор экан – ўшани асрашни ўзимизнинг муҳим вазифамиз деб, англашимиз зарур! Ҳидоят ташвиши – энг муҳим ташвишдирки, ўшанинг ортидан барча ғамлардан қутулиш кафолати бор

فَأزلّهما الشّيطان عنها فأخرجهما ممّا كانا فيه ، و قلنا اهبطوا بعضكم لبعضٍ عدوّ و لكم فى الأرض مستقرّ و متع الى حينََ فتلقّي ادم من ربه كلمت فتاب عليه ، إنّه هو التوّاب الرحيم ُ قلنا اهبطوا منها جميعاً فإمّا يأتينّكم منّى هدًى فمن تبع هداى فلا خوف عليهم ولا هم يحزنونََ

( سورة البقرة )                                                                           

“Бас, уларни (Одам ва Ҳаввони) шайтон йўлдан оздириб, масканларидан чиқарди ва айтдик: “Тушингиз (жаннатдан ерга! Сизлар – инсон ва шайтон) бир-бирингизга душмансиз. Энди маълум вақтгача (ажалларингиз етгунча) Ерда маскан тутиб яшайсизлар”. Кейин, Одам ўз Парвардигори тарафидан бир неча Сўзлар (фармонлар) қабул қилиб олганидан сўнг (Аллоҳ) унинг тавбасини қабул қилди. Албатта У тавбаларни Қабул қилгувчи Меҳрибон Зотдир. “У жойдан (жаннатдан) ҳаммангиз тушингиз”, дедик. “Бас, сизларга Мен тарафдан Ҳидоят келганида, кимлар менинг Ҳидоятимга эргашса, ана ўшаларга ҳеч қандай хавфу хатар йўқ ва улар ғамгин бўлмайдилар”.

                                                       (Бақара; 36-38-оятлар мазмунидан)

- - -