Дунё ва мусулмонлар

Дунё ва мусулмонлар “Эфиопия” (Ҳабашистон)

2054 Ko'rilgan Дунё ва мусулмонлар

Дунё ва мусулмонлар “Эфиопия” (Ҳабашистон)

Африка қитъасининг шимолий – шарқида жойлашган. Эритрея, Жибути, Сомали, Кения, Судан билан чегарадош. Пойтахти Аддис-Абеба шаҳридир. Ахолиси 67 млн 600 минг киши. Ҳудуди 1 млн 222 минг км2. 9 та штатдан иборат. Расмий тили – амхара тили. Пул бирлиги – бир. Эфиопия ислом ёйилаётган паллада Ҳабашистон деб номланарди. Унинг ҳукумдори Нажжоший Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бошчилигидаги муҳожир (Маккадан Ҳабашга ҳижрат қилиб келган) ларни яхши қарши олган. Мушриклар томонидан келган элчилар ва улар инъом этган совғаларни ҳам рад этган. Пайғамбар алайҳис-саломга (ўзини кўрмаган бўлса ҳам) совчилик воситачилигини амалга ошириб, Ҳабаш юртида юрган Умму Хабиба бинти Абу Суфённи (эри муртад бўлгач) Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга қайлиқ қилиб жўнатганлар. Бу юртга секин-аста ислом ёйила бошлаган. 19-асргача бир қанча князликлар мавжуд бўлган. 1850-йили Каса деган кимса мамлакатни бирлаштиришда

муҳим ҳаракат ясади ва 1855-йили ўзини Теодрос (Фёдр) ll номи билан император деб эълон қилди. Орадан 12 йил ўтгач Британия уруш қилиб Эфиопияни енгди. Лекин халқ оммасининг қаршилигига учраб мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлди.

     Эфиопия 1880-йилгача ўн йил давомида қўшни Судан ва Миср билан уруш олиб борди. Урушларда кучсизланганидан фойдаланган Италия 9 йил давомида Эфиопияни босиб олиб, ўз протекторатига айлантирди. 1896-йили эса Эфиопия Италияга қарши урушда уларни тор-мор этди ва Италия мустақиллик беришга мажбур бўлди. 1912-йилгача мамлакат марказлаштирилди ва бир қатор қўшни вилоятлар Эфиопия таркибига қўшилди.

     1935-36 йилда бўлган Италия – Эфиопия уруши натижасида, италянлар яна Эфиопияни эгаллаб, “Италия Шарқий Африкасига” мустамлакасига таркибига киритди. 1941-йили январда Судан ҳудудидан инглиз-эфиоп қўшинлари кириб италянлардан Эфиопияни озод қилишди. 1952-йили Италия мустамлакаси бўлиб турган Эритрея Эфиопияга бириккан федератив бўлиб қўшилди. Ўн йил ўтгач федератив мақоми бекор қилиниб Эритея Эфиопияга тўлиқ бирлашди. 1974-йили 12-сентябрда монархия ағдарилди ва 1975-йили мартда мамлакат республика деб эълон қилинди. 1993-йили майда Эритея Эфиопиядан ажралиб чиқди ва алоҳида давлат бўлишга эришди.

     Эфиопияда кофе, тери хом ашёси, дукакли донлар, мойли уруғлар етиштирилади. Конлардан эса платина, олтин, марганец рудаси, калий тузи ва кварц қуми қазиб олинади. Ҳунармандчиликда тўқувчилик, тери, суяк ва ёғочни қайта ишлаш ва ўрмонларида қимматбаҳо ёғоч тайёрлаш ривожланган.

     Ҳайвонот оламида: Кийик, жирафа, буйвол, бегемот, фил ва зебра; йиртқичлардан эса: арслон, қоплон учрайди. Маймуннинг ҳар-ҳил турлари ҳам мавжуд бўлиб, учта миллий боғи бор. Булар: Аваш, Гамбела, Симон.

- - -