Дунё ва мусулмонлар

Дунё ва мусулмонлар “Эрон”

1896 Ko'rilgan Дунё ва мусулмонлар

Дунё ва мусулмонлар “Эрон”

Осиёнинг жанубий-ғарбида жойлашган. Туркия, Арманистон, Озарбайжон, Туркманистон, Афғонистон, Покистон ва Ироқ давлатлари билан чегарадош. Шимолида Каспий денгизи, жанубида эса Форс қўлтиғи ва Уммон қўлтиғи мавжуд. Аҳолиси 66 ярим млн кишига яқин. Ҳудуди 1 млн 648 минг км2. 30 та остондан иборат. Ислом республикаси деб номланиб, расмий тили – форс тили. Пул бирлиги – риал. Эрон ҳам тарихи жуда бой юртдир. Эроннинг номи келиб чиқиши тадқиқотчилар эрамиздан аввалги 2-минг йилликда яшаган “орийлар” номига боғлайдилар. Қадимги эрончада “аруана” (орийлар мамлакати) дан, эрон лафзи келиб чиққан. Милоддан аввалги 550 йилда Форсия подшолиги мавжуд бўлган. Греклар, кейин эса бошқа Европа халқлари бу юртни (Форсия) Персия деб атай бошлаганлар.

Бу юртни Искандар Мақдуний (Александр Македонский) ҳам ишғол этган. Унинг вафотидан сўнг Салавкийлар таркибида бўлган. Милоддан аввалги 3-асрда эса Эрон ва ҳозирги Туркманистон ҳудудларида Парфия подшоҳлиги вужудга келган. Милодий 224-йилга келиб Парфия давлати ичидаги Форсия ҳукумдори Ардашер Парфиянинг сўнгги подшоси Арбатан V ни урушда енгиб, Сосонийлар давлатини тузган. 3-аср ўрталарида Монийлик, 5-аср охирларида эса Маздакийлик вужудга келган. 7-асрда Эронни ислом лашкарлари Саъд ибн Абу Ваққос қўмондонлиги остида (636-йили) Қодисия жангида Хуросон ҳокими бўлиб турган, Эрон қўшинига қўмондон қилиб юборилган Рустамни ўлдириб, фатх этганлар. Бу жангда 6 минг мусулмон аскарлари ва 10 минг Эрон аскарлари ҳалок бўлган. Мусулмонлар қўлига кўплаб ўлжалар тушган, шулар қаторида Эроннинг ўша вақтдаги байроғи қўлга киритилган. У байроқ қимматбаҳо тошлар билан безатилган бўлиб, уни 1 млн 200 минг дирҳамга баҳолашган. Бу пайтгача Эрон (Форс) давлати Рум сингари йирик давлат бўлиб, ҳар жиҳатдан такомиллашган, бироқ оташпарастлик динида эди. Ислом бу ерлага етиб келмасдан олдин, шу юрт фарзанди бўлган Салмон розияллоҳу анҳу илм ва ҳақ талабида Мадинага борган ва у ерда пайғамбар билан кўришиб, сахоба бўлиш шарафига Аллоҳ уни муяссар этган эди. Шунинг учун у киши Салмон Форсий (Форс, Эронлик) деган нисбатга эга бўлганлар.

     900-йилда Хуросон ва шарқий Эрон Сомонийлар қўл остига, сўнг Ўрта Осиёнинг бир қисми ҳамда ҳозирги Афғонистон ҳудуди билан биргаликда Ғазнавийлар давлатига кирган. 11-асрда эса туркий Салжуқийлар Эрон ерини эгаллади. 12-аср охирида Хоразмшоҳлар, 1220-56 йиллар давомида эса уни мўғуллар босиб олди. 16-аср бошида эса Сафавийлар қўлига ўтди ва шиа йўналиши давлат дини деб эълон қилинди (1502-й).

     18-асрга келиб Нодиршоҳ раҳбарлигида Эрон катта империяга айланган. 1747-йили фитна натижасида шоҳ ўлдирилди ва Эрон парчаланиб кетди. Кейин Қажарлар сулоласи ўрнатилди. 19-асрда Россия Эроннинг Кавказ орти ҳудудларини эгаллади. 1860-йилдан Британиянинг ҳамда Россиянинг ярим мустамлакасига айланди. 1905-11 йиллари Эронда инқилоб қилишга уринилди бироқ 1911-йилнинг охирида инқилоб Англия ва Россия томонидан бостирилди.

     1-жаҳон уруши вақтида (1914-18) урушга кирган давлатларнинг ҳарбий майдонига айланди. 1919-йили Англия биратўла босиб олди. 1921-йили 21-февралда Ризохон қўмондонлиги остида давлат тўнтаришини амалга оширди. Англия – Эрон битими бекор қилинди. 1925-йили 12-декабрда Ризохонни Ризошоҳ Паҳлавий номи билан эълон қилинди. 1941-йили августда (2-жаҳон урушида) Эрон ҳудудига совет ва инглиз қўшинлари киргизилди. Шу йилнинг 16-сентябрда Ризошоҳ тахтдан воз кечди ва ўрнига унинг ўғли Мухаммад Ризо Паҳлавий ўтирди.

     Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Эронда мустамлакачиларга қарши ҳаракатлар авж олди. Ҳукумат АҚШ ва Англия ёрдамига таяниб, бу ҳаракатларга чек қўйиб борди. Руҳонийлар ҳаракати ҳам авж олгани муносабати билан Оятулло Ҳумайний 1964-йили Францияга сургун бўлди. У киши ўша ерда туриб ҳам етакчилик ишларини давом этказди.

     Ниҳоят 1979-йили февралда Эронда инқилоб бўлди ва шоҳ Мухаммад Ризо Паҳлавий Эрондан чиқиб кетишга мажбур бўлди. 79-ёшли Оятуллоҳ Ҳумайний Эронга келди ва етакчиликни давом этказди. У Эрон давлатининг Олий Расмий Раҳбари яъни, Эрон Ислом Республикаси Раҳбари бўлди. У вафот этгач, 1989-йилдан Саид Али Хоманайи раҳбар бўлди. Ундан кейинги Олий Расмий шахс – Эрон президентидир. 2005-йилдан Маҳмуд Ахмадий Нажод президентдир.

     Эронда исломга алоқаси бўлмаган партия ва ташкилотлар фаолияти ман қилинган. 5 йиллик бепул мажбурий бошланғич таълим жорий қилинган. Мамлакатдаги саводхонлик кўрсатгичи 85%. Ўғил болалар ва қизлар алоҳида ўқитилади.

     Эрон нефт саноати ривожланган мамлакатдир. Ундан ташқари газ, кўмир, хром, қўрғошин-рух, мис, марганец ва темир рудалари қазиб олиш катта аҳамиятга эга. Деҳқончилик, мевачилик, чорвачилик ва балиқчилик ҳам ривожланган. Ташқи дунёдан жуда оз нарса харид қилади. Ҳайвонот олами ҳам бой. Кўп сайёҳлар ташриф буюришади. 2001-йилги кўрсатгичларга биноан Эронга ташриф буюрган сайёҳликдан 1 млрд 112 млн АҚШ доллари миқдорида даромад тушган.

     Йирик шаҳарлари: Машхад, Исфахон, Табриз, Шероз, Карманшоҳ. Эроннинг Хуросон тарихий вилояти мавжуд. Аввал бу ҳудудда Темурийлар давлати мавжуд бўлиб, Мирзо Улуғбекнинг отаси Шохрух ўша ерда истиқомат этган ва давлат ишини юргизган. Хуросон вилоятидаги Нишопур шаҳрида 2 йирик мухаддис аллома Имом Бухорий ва унинг шогирди Имом Тирмизий 5 йил бирга истиқомат қилганлар.

     Эрон давлатининг рамзи (герби)да ҳам байроғининг ўртасида ҳам “Аллоҳ” калимаси битилган.

- - -