Дунё ва мусулмонлар

Дунё ва мусулмонлар “Туркия”

3006 Ko'rilgan Дунё ва мусулмонлар

Дунё ва мусулмонлар “Туркия”

Осиё қитъасининг ғарбида Европа билан туташадиган қисмида жойлашган. Греция, Болгария, Грузия, Арманистон, қисман Озорбайжон, Эрон, Ироқ ва Сурия билан чегарадош. Пойтахти Анқара шаҳридир. Аҳолиси 70 млн дан иборат. Ҳудуди 814578 км2. 81 элга бўлинади. Расмий тили – турк тили. Пул бирлиги – турк лираси. Ҳудудининг 97%и Осиёда ва 3%и Европада жойлашган. Истанбул шаҳрининг ҳам Европа қисмида жойлашган томони бор. Туркий элатлар бу ерларга кўчиб келгунларига қадар, Туркия Рум империясига қараган. Рум иккига бўлингач (Ғарбий ва Шарқий Румга), Туркия ҳудуди Шарқий Рум давлатига қараган ва Константинопол (ҳозирги Истанбул) унинг пойтахт шаҳри бўлган. Туркий элатлар бу ерларга 11-асрдан кўчиб кела бошлаган. Ўғуз –туркман қабилаларининг йўлбошчилари бўлган Туғрулбек ва Чоғрибек бошчилигида Салжуқийлар давлатига асос солингач, ислом дини тарқала бошлади. Султон Алп Арслон 1071-йили Малазгирт жангида Рум императори Роман lV Диоган армиясини тор-мор этганидан сўнг, Салжуқийлар давлати ниҳоятда кенгайди. Султон Маликшоҳ даврида (1072-92) салтанат ривожланди. Бу ҳукмдорлар ўлимидан кейин салтанат

парчаланди ва Сурия салжуқийлари, Ироқ ва Хуросон салжуқийлари, Кирмон ва Анадолу салжуқийлари каби кичик давлатлар пайдо бўлди. 1243-йили мўғуллар идораси заифлашгач, бир қанча бейликлар ташкил топди.

     14-аср бошларида Усмон l бошчилигидаги Усмон бейлиги кўпгина бейликларни бирлаштириб пойтахт Бурса шаҳри бўлган марказлашган кучли давлатни барпо этишга муваффақ бўлди. Бу давлат Усмонли турклар давлати бўлиб кенгая борди. 1453-йили 29-майда Султон Махмуд (Турклар Меҳмед дейишади) ll бошчилигида Константинолни эгаллаб, Рум империясига ҳам барҳам беришади. Султон Салим l Явуз ва Сулаймон l Қонуний даврида Усмонлилар давлати ҳудудлари яна ҳам кенгайди. 17-аср охирларига келиб, Европа мамлакатлари биргаликда уруш ҳаракатларини бошлашди. 1683-йили Вена (ҳозирга Австрия пойтахти) яқинидаги жангда Полша, Австрия ва Герман қўшинлари ғалабага эришди. 1684-йили Усмонлиларга қарши Австрия, Полша, Венеция (1686-йилдан эса Россия) қўшилиб, “Муқаддас иттифоқ” тузишди. 1711-йили Прут жангида Пётр l қўшинлари мағлубиятга учради. Қуршовда қолган Пётр l ваъдалар эвазига қутилишга муваффақ бўлди.

     18-аср охирига келиб Усмонлилар шарқда Озарбайжондан, Доғистондан мавқеъини йўқотди. Шимолда эса Астрахонга қадар бўлган ерларини топширишга мажбур бўлди. 1768-74 йиллардаги Россия билан бўлган урушда Қора денгиз ҳамда Болқон ярим оролидаги (ҳозирги Албания, Босния ва бошқа давлатлар жойлашган ҳудудлардаги) мавқеъини бой берди. 1774-йилги Кучук-Қайнаржа сулҳига биноан Қрим хонлиги Усмонлилардан ажратиб олинди. Орадан 17 йил ўтгач Молдавани ҳам Россия ҳомийлигига ўтганлигини тан олишга мажбур бўлди. 1828-29 йилги урушда ҳам Россияга енгилиб, Грецияга автоном беришга мажбур бўлган. Аммо 1853-56 йиллардаги Қрим урушида ғалаба қозонди ва Россияни 1856-йили 30 мартда Париж сулҳини имзолашга мажбур этди. Ўша шартномага кўра, Дунай дарёсидаги кемалар эркин қатнайдиган, Қора денгиз барча мамлакатлар савдо кемалари учун очиқ, Усмонлилар бутунлиги ва дахлсизлиги тан олинган эди. 19-аср охирига келиб Усмонлилар дунё харитасидаги ерлардан бирин-кетин ажрай бошлади. 1881-йили Тунис Францияга, 1882-йили Миср Британияга ўтиб кетди.

     1-жаҳон урушида Усмонлилар давлати Германия томонида туриб урушди. 1918-йили 30-октябрда Усмонлилар устидан Антанта (Англия, Франция, Россия) давлатлари ғалаба қозониб, Туркияни ишғол қилишди. Туркияга озодлик уруши (Қуртулиш саваши) деб аталган ҳаракатга Мустафо Камол пошо (яъни Отатурк) бошчилик қилди. 1921-йилги Инўнў ва Сақария жанглари натижасида Греция қўшинлари устидан ғалаба қозонилди. 1922-йили 9-сентябрда Измир озод қилинди. 1923-йили 24-июлги Лозанна сулҳ шартномасига биноан, Туркиянинг чегаралари белгиланди. Шу йили 29-октябрда Республика деб эълон этилди. 1924-йили 3-март куни эса халифалик бекор қилинди. 1945-йили 5-мартда Сан-Франциско (АҚШ) коференциясига таклиф этилди ва БМТ (Бирлашган Миллатлар Ташкилоти) ни барпо этган аъзолар қаторидан жой олди. Туркия 1952-йили НАТО (Шимолий Атлантика ҳарбий-сиёсий иттифоқи)га аъзо бўлган.

     Туркияда президент парламент томонидан яширин овоз бериш йўли билан 7 йил муддатга сайланади. Президент эса Бош вазир (Бош боқон)ни депутатлар орасидан тайинлайди. 2011-йил ёзда бўлиб ўтган сайловлар натижасижа Бош вазир (Бош боқон) партияси ғолиб келди. Туркия Бош боқони Ражаб Тоййиб Эрдоган, президенти эса Абдуллоҳ Гул.

     Туркия хромит ишлаб чиқаришда ва экспорт қилишда дунёда 4-ўринда туради. Автомобил саноатида 15 фирма фаолият кўрсатади. Тўқимачилик саноатининг моллари экспортида дунёда 7-ўринда туради. Туркия ҳудудининг 26%и ўрмон, 16%и ўтлоқ, 35%и эса деҳқончиликка яроқли ерлардан иборат. Туркия ёнғоқ, анжир ва ўрик етиштиришда дунёда 1-ўринда туради. Сабзавот ва узум етиштиришда 4-ўринда, буғдой ва пахта етиштиришда эса 7-ўринда туради. Йирик шаҳарлари қуйидагилар: Истанбул, Измир, Кўния, Бурса, Ғозиантеп, Диёрбакир, Анталия, Адана. Туркия атрофида Қора денгиз, Мармар денгизи, Эгей денгизи ва Ўрта ер денгизи мавжуд. Европа қисмини Босфор қўлтиғи ажратиб туради.

- - -