Дунё ва мусулмонлар

Дунё ва мусулмонлар “Тунис”

2673 Ko'rilgan Дунё ва мусулмонлар

Дунё ва мусулмонлар “Тунис”

Шимолий Африкада жойлашган давлат бўлиб, Ўрта ер денгизининг жанубий соҳилларида жойлашган. Жазоир ва Ливия билан чегарадош. Пойтахти Тунис шаҳридир. Аҳолиси 10 млн. кишига яқин. Ҳудуди 164, 2 минг км2. 25 та вилоятдан иборат. Расмий тили – араб тили. Пул бирлиги – Тунис динори. Византияга тобеъ бўлган Тунис халқига 647-йил мусулмон қўшинлари ёрдам бериб, Византия (Рум) га қарши курашганлар. 670-йили мусулмонлар Қойруван шаҳрига асос солганлар ва бу шаҳар кейинчалик Африканинг шимолига ислом динини ёйиш маркази бўлиб қолди. 703-йили бутун Тунис фатх бўлди. Уммавийлардан сўнг Аббосийлар ихтиёрига ўтди. 800-йили эса Аббосийлар халифалигидан ажраб чиқиб, Ағлабийлар сулоласи ҳукмронлигидаги мустақил давлатга айланди. 909-йили барбар қабилаларининг қўзғолони натижасида Тунисда Исмоилийларнинг Фотимийлар давлати барпо бўлди.

    1535-йили Испания босиб олди, лекин 1574-йилда Усмонли турк қўшинлари испанларни қувиб чиқариб, Тунисни ўз таркибига қўшиб олди. Кейин (17-асрларда) Муродийлар сулоласи бейлари бошқарди. 1705-йили эса Ҳусайнийлар сулоласи бейлари давлат барпо этишди. 1881-йили Франция босиб олди. 1954-йили 31-июлда Тунисга ички автономлик берилди. 1956-йили 20-март куни Франция Тунис мустақиллигини тан олди. 1957-йили монархия (подшоҳлик, сулола бўлиб бошқариш) тугатилиб, Тунис Республика деб эълон қилинди.

     Тунисда давлат бошлиғи призидент бўлиб, у беш йил муддатга сайланади. 1987-йилдан бери Зайнул Обидин ибн Али мамлакат бошчиси бўлиб келган. 2011-йил бошларида давлат тўнтариши натижасида ибн Али бошқа араб давлатига (тахминан Саудия Арабистонига) қочиб кетган.

     Тунисда кончилик ривожланган бўлиб, фосфорит, нефт, темир қазиб чиқарилади. Деҳқончиликда эса буғдой, арпа, зайтун, хурмо, узум, бодом, қанд лавлаги етиштирилади.

- - -