Дунё ва мусулмонлар

Дунё ва мусулмонлар “Тожикистон”

2291 Ko'rilgan Дунё ва мусулмонлар

Дунё ва мусулмонлар “Тожикистон”

Ўрта Осиёда жойлашган давлат бўлиб, унинг жанубий-шарқидадир. Афғонистон, Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон билан чегарадош. Ўрта Осиёдаги баланд чўққи бўлган Исмоил Сомоний чўққиси Тожикистон ҳудудидаги Помир тоғида жойлашган бўлиб, баландлиги 7495 метрдир. Совет Иттифоқи пайтда бу чўққи Коммунизм деб номланган эди. (Коммунизм қурилмагач, қурилмасди ҳам, номи ўзгартирилган). Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридир. Аҳолиси 6 млн 578 ярим минг кишидан иборат. Ҳудуди 143,1 минг км2. Тоғли Бадахшон автоном области ва 2 та вилоятдан ташкил топган. Давлат тили – тожик тили. Пул бирлиги – сомоний. Тожикистоннинг Хўжанд шаҳригача Искандар Мақдуний (Александр Македонский) кириб келган. Кейин Салавкийлар, сўнг аксарият қисми Юнон – Бақтрия

подшолиги таркибида бўлган. 550-йиллардан кейин Тожикистон ҳудуди Турк ҳоқонлиги таркибига қўшилган. 8-аср ўрталарида эса мусулмонларнинг фатхи натижасида ислом жорий бўлган. 9-асрларга келиб Тохирийлар давлати таркибида бўлган. Шу асрдан бошлаб 13-асргача Сомонийлар, Ғазнавийлар, Қорахонийлар, Ғурийлар, Қорахитойлар ва Хоразмшоҳлар давлатлари сафида бўлган. 1219-20 йилларда Чингизхон қўшинлари бостириб кирган. Уларга қарши Хўжандда Темур Малик бошчилигидаги халқ қаршилиги бўлиб ўтган. Темур Малик Хўжанд минтақасининг ҳокими ва Жалолиддин Мангубердининг яқин сафдоши бўлган. Алоқ Нўён бошлиқ беш минглик мўғул қўшинига минг кишилик қўшин билан курашади. Мўғуллар кучи етмагач, тахминан эллик минг кишилик илгари олинган асирлар ва янги хўжандлик асирлар ёрдами билан жангга қулай шароитни яратиб олишадида, йигирма минг қўшин билан жангга киришади.

     Темур Малик душман билан жанг қилиб, қўшини кўп талофатга учрайди. Ёлғиз ўзи Қизилқум чўли орқали 1220-йили ёзда Хоразмга етиб келади. Аскар тўплаб Чингизхон ўғли Жўжихон қўшинига кучли зарба беради ва ўша вақтдаги Касба деган шаҳарни мўғуллардан озод этади. Темур Малик 1221-йилдан 1232-йилгача Жалолиддин Мангуберди билан биргаликда мўғулларга қарши қақшатгич курашлар олиб боради. Жалолиддин ҳалокатидан сўнг ўз юртига қайтади ва мўғуллар томонидан қўлга олиниб, қатл қилинади.

     14-аср охирларига келиб Амир Темур давлати таркибига киргизилди ва темурийлар таркибида 16-асргача бўлди. 16-асрда эса Шайбонийлар қўл остида, улар парчалангач, Бухоро амирлиги ихтиёрига ўтган. 19-асрнинг бошларида Тожикистон ҳудуди Бухоро амирлиги ва Қўқон хонлиги ўртасида тақсимланди. 19-аср охирларида эса Чор Россияси томонидан босиб олинди.

     1917-йилги инқилобдан сўнг Иброҳимбек, Эшон Султон, Давлатмандбий ва Фузайл Махсумлар бошчилигида аҳолининг жиддий қаршиликлари бўлиб ўтганига қарамай, Тожикистон ҳудуди болшевиклар томонидан босиб олинган. 1918-йилга келиб Туркистон Автоном Республикаси таркибида Тожикистоннинг шимолий қисми бўлган бўлса, қолган қисми Бухоро амирлиги ҳудудида бўлган. 1920-йил Бухоро амирлиги қулагач, Бухоро Халқ Республикаси тузилиб, амирликка қаровчи ерлар унга қўшилди. Тўрт йилдан сўнг яхлит бир Тожикистон қилиниб, Ўзбекистон таркибидаги автоном республикага айлантирилган. 1929-йили эса СССР таркибидаги алоҳида Республика мақомини олди. 1991-йили 9-сентябрда мустақиллик эълон қилинди.

     Қишлоқ хўжалигига яроқли ерлар 4 млн 300 минг гектар бўлиб, 3 млн 200 мингги яйловлардан қолгани эса экинзорлардан иборатдир. Пахтачилик, ингичка толали пахта етиштириш ишлари ҳам муҳим саналади. Ҳатто рамзи (давлат герби) нинг чап томонида пахта шодаси мавжуд.

     Тожикистонда ош тузи, қўнғир кўмир қазиб олинади. Боғдорчилик, узумчилик ва пиллачилик билан ҳам шуғулланилади. Ташқи савдода дунёнинг 66 мамлакати билан ҳамкорлик қилади. Душанбе ва Хўжандда ҳалқаро аэропорт мавжуд.

     Авваллари совет пайтида Хўжанд шаҳри Сталинобод (1936-йилгача), сўнг Ленинобод (1936-1991 йилгача) деб (совет бошчилари) номи билан номланган.

     Тожикистонда мамлакат бошлиғи – призидент бўлиб, у 7 йил муддатга сайланади. 1994-йилдан Эмомали Рахмонов давлат бошлиғидир.

     Тожикистон тоғли мамлакатлар сирасидандир. 93% тоғлардан иборат. Ҳудудининг ярми 3000 метрдан баланд бўлган тоғлар эгаллаган. Тожикистон ҳудудидан бошланган Панж дарёси бор. Унга Сухроб дарёси қўшилиб, оқиб бориб иккига бўлинади. Бири Туркманистондан оқиб ўтадиган Қорақум каналига иккинчиси Амударё бўлиб, Орол денгизига бориб қуйилади. Айнан ўша Панж дарёси ирмоқларининг 90% га яқини Афғонистон билан Тожикистон оралиғидаги давлат чегарасидан ўтган.

     Помир ва Ҳисор-Олой тизма тоғларида тоғ биллури, олтин, кумуш, симоб, сурма, волфрам, темир конлари мавжуд. Ўнлаб минерал булоқлари бор, шу жумладан Гарчашма шифобахш булоғи машҳур. Тожикистонда яна 930та кўл бўлиб, ундан ташқари тўққиздан ортиқ сувомборлари бор. Улардан каттароғи Қайроққум сув омборидир. (Конибодом-Хўжанд йўлида).

     Хайвонот дунёси ҳам бой. Ёввойи ҳайвонлардан: тўнғиз, ёввойи эчки, архар, кийик, айиқ бор. Тожикистон тоғларида эса: қоплон, бўри, тулки, ёввойи мушук, тоғ эчкиси, бургут, ўрдак, каклик, қирғовул ва беданалар мавжуд. Учта табиат қўриқхоналари бор: Полвонтўқой, Ромит, Даштижум.

- - -