Дунё ва мусулмонлар

Дунё ва мусулмонлар “Сурия”

2154 Ko'rilgan Дунё ва мусулмонлар

Дунё ва мусулмонлар “Сурия”

Осиё қитъасининг жанубий – ғарбида жойлашган бўлиб, Ўрта ер денгизининг шарқий соҳилидаги давлатдир. Туркия, Ироқ, Иордания, Исроил ва Ливан билан чегарадош. Пойтахти Дамашқ шаҳридир. Аҳолиси 20 млн га яқин. Ҳудуди 185,2 минг км2. 14 та муҳофазадан иборат. Расмий тили – араб тили. Пул бирлиги – сурия фунти. Сурия тарихга жуда бой мамлакатдир. Милоддан аввалги 333 йили Искандар Мақдуний (яъни, Александр Македонский) давлати таркибига киради. Бу давлат барбод бўлгач, салавкийлар давлатининг вилоятига айланди. Милоддан аввалги 1-асрда Арманистон подшоси босиб олган. Милодий 64-йили Рим ерларига, 4-аср охирларига келиб эса Шарқий Рум вилоятига айланган. 633-640 йиллар мобайнида мусулмонлар халифаси, амирал-муъминийн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврида фатх бўлган. Уммавийлар халифаликни олгач, Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу

халифалигидан бошлаб, Суриянинг Дамашқ шаҳри пойтахт бўлиб қолган. Бу ҳол милодий 750-йилгача давом этган. Усмонли турк халифалиги бу ерларни таркибига қўшгунга қадар Аббосийлар халифалиги таркибида бўлган. 1516-йили Сурия Усмонлилар қўл остига ўтган. 1831-йили Сурия ерларини Миср қўшинлари эгаллаб олди. 1840-йил яна турклар қўлига ўтди. 1918-йили октябрда Сурияни инглизлар босиб олди. 1919-йил Англия-Франция келишувига биноан инглизларнинг ўрнини французлар эгаллади. 1930-йил май ойида Республика (Жумҳурият) деб эълон қилинди, аммо Франция мандати сақланиб қолди. Бу мандат 1943-йили декабрда бекор қилинди. 1946-йили 17-апрелда мустақилликка эришди. 1958-йили Миср билан бирга – Бирлашган Араб Республикасини тузишди. 1961-йили 28-сентябрда Сурия бирликдан ажраб чиқди ва Сурия Араб Республикаси деб эълон қилди. 1963-йили 8-мартда давлат тўнтариши бўлиб, социалистик уйғониш партияси ҳокимиятни қўлга олди. 1971-йили 12-мартда Хофиз Асад Сурия президенти бўлди.

     1967-йили июнда Исроил агрессия қилиб, Суриянинг Ғулон тепаликларини босиб олди. 1973-йили октябрда Сурия Исроил томонидан босиб олинган ерларнинг бир қисмини қайтариб олишга муваффақ бўлган. 21-асрнинг бошларида Хофиз Асад вафот этгач, унинг ўғли Башар Асад Сурия призиденти бўлди.

     Сурияда буғдой, арпа, қанд лавлаги, шоли, ер ёнғоқ экилади. Воҳаларида боғдорчилик ривожланган. Узум, хурмо, мандарин етиштирилади. Зайтун етиштиришда муҳим аҳамиятга эга. Зайтуни бошқа юрт зайтунларидан машҳурроқ. Қандолатчилик соҳасида ҳам етук ривожланган. Тўқимачилик саноати ҳам ривожланган.

     Сурия пойтахти бўлган Дамашқ шаҳрида, Сурия мусулмонлар томонидан фатх бўлгач, машҳур саҳобалар келиб яшаганлар. Булардан; Билол розияллоҳу анҳу (исломнинг биринчи муаззини), Абу Дардо розияллоҳу анҳу, Муовия розияллоҳу анҳу, Суриянинг Дамашқ шаҳрида яна Қуддуснинг 2-фотихи бўлган Салоҳиддин Айюбий, Химс шаҳрида эса исломнинг йирик қўмондони саҳоба Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу дафн этилганлар.

- - -