Хазиналар очқичи » Хазиналар очқичи 6

Панду-насиҳатлар

4017 Ko'rilgan Хазиналар очқичи 6

Панду-насиҳатлар

А) Ҳамиша яхши амаллар ўнг қўл орқали бошланади, ҳатто оёқ кийим кийилаётган кезда ҳам. Ечаётганда эса чапдан бошланиши зарур! Б) Томоқда кекириш келганда уни тўхтатиб, ибо қилмоқ керак! Чунки уни ошқозоннинг ели деб билмоқ лозим! В) Масжидда ва муборак ўринларда бурун қоқишдан тийилгин!

Г) Умрингнинг фақат бугуни бор эканлигини билган ҳолда яшагин! Чунки кечанг қўлингдан чиқди-кетди, уни фақат қиёмат куни ҳисоб ҳолатидагина йўлиқтирасан. Эртанг ҳали сенга берилиши аниқ эмасдир, у Парвардигорнинг иродаси ила берилади. Сенинг ухлаб, туришинг билан эмас!

 

Д) Дунё ташвишларига ранжима, у кимларни ранжитиб ўтмаган. У фақат соғлигингга зарар, қалбингга доғ бўлади холос!

 

Е) Барча ғам-ташвишларингдан фақатгина ёлғиз Аллоҳгагина шикоят этиб, дардларингни тўкиб солсанг, сенга ёрдам келиши шубҳасиздир.

 

Ё) Аллоҳ Роббул-аламийндангина қўрққин, бошқа қўрқувлар сени асоратга солиб, қабиҳликка етаклайди. Аллоҳдан бошқа нарсалардан қўрқувчи ҳаргал қўрққанида ўлаверади. Ҳолбуки ўлим инсон бошида фақат бир марта холос!

 

Ж) Сен дунёда одамлар Аллоҳ берган ақл билан топиб, кашф этаётган нарсалардан лолу-ҳайрон бўлма! Агар сен иймонли ва амалли инсон бўлсанг билки, Аллоҳ жаннатда сен учун ҳозирлаб қўйган неъматларининг бир донаси олдида дунёнинг барчаси арзимас матодир!

 

З) Киши тили сабабли келадиган кўргуликларни яхши идрок эта олганда эди, соқов бўлиб яшашга рози бўлган бўлар эди.

 

И) Ари чаққанига чидай олмай дод соласан ёки алам-оғриқдан ороминг бузилади. Нега энди абадий алам, азоблар юрти бўлган жаҳаннамдан сақланиш йўли бўлган Ислом йўлига бепарвосан?!

- - -