Хазиналар очқичи » Хазиналар очқичи 1

                    ХАЗИНАЛАР  ОЧҚИЧИ

                      Бисмиллаҳир Рохманир Рохийм

                        Муаллиф: Р.Абдуррахим ўғли

       

                                 Сўз боши    

Оламлар подшоҳи, барча мулку-хазиналарнинг эгаси Аллоҳга хамд ва унинг росули, сўнгги элчиси Мухаммад Мустафога саловот-саломлар бўлсин!

   Ер шарида хазиналар жуда кўп. Хазиналарнинг турлари, кўринишлари ҳар-хилликдан иборат. Олтин-кумуш хазиналаридан ташқари ёқилғи манбаи бўлган нефт, газ сингари янги тадқиқ этилган хазиналар ҳам топилган. Демак аввалги асрларда хазина дейилса тушиниладиган хазиналардан бошқа хазиналар кашф ва ихтиро этилди. Аммо бу хазиналарнинг барчаси инсон манфаати учун фақатгина бу ўткинчи ҳаёт устидагина хизмат қилиб беради, агар Аллоҳ ҳоҳласа. Охират ҳовлисида эса айтиб ўтилган хазиналар тўғри тасарруф этилган тақдирдагина манфаат бериши мумкин. Уларни тўғри тасарруф этиш учун эса инсонга “илм” зарур бўлади. Шунинг учун илмни “хазиналар очқичи” деб номлаб, китобимизга ҳам шу аталишни бердикки, илм сабабли кўп хазиналар ихтиро қилинади. Илм яна хазиналарни тўғри тасарруф этишга кўмакчидир. У орқали нафақат ҳозир мавжуд бўлган хазиналар тўғри тасарруф этилади, балки у очқичлар сабабидан иншааллоҳ охиратда берилажак хазина-савобларга, мукофотларга  эришилади!

   Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилганлар: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ Таъоло менга сўзларнинг очқичларини ато этди ва душманлар қалбига даҳшат солиб, мени улар устидан ғолиб қилди. Ўтган кеча уйқумда Аллоҳ Таъоло менга ер хазиналари очқичларини ҳам ато этган эди, мен уларни қўлимга олдим”, дедилар. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу ушбу хадисдан сўнг сахоба биродарларига) шундай деган эканлар: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар, энди у очқичлар сизнинг қўлингизга ўтади”.

                                                                                                             (Бухорий ривояти)     

   Илмни  Хақ Таъоло инсон рухининг озуқаси қилиб берган, у зиёда бўлгани сари иймон бақувватлашиб, ўз эгасига улкан яхшиликлар олиб келади. “Хазиналар очқичи” рисоламизда иймон ва илмга, тўғрилик, савоб ишларга  тааллуқли хадислар, шеърлар, ҳикоятлар, латифалар, бош қотириб, изланиб топиш учун машқ ва топишмоқ-саволлар бериб борилади. Тафаккур ва таъаммул қилиш учун нақллар, мисоллар келтирилади.

  “Илм чашмаси” рисолани кичик ёшли фарзандларимизга тақдим этгач, яна ўша ёшдагиларга мўлжалланган бир китоб қилиш нияти туғилди. Уларнинг  мурғак қалбларида илмга бўлган рағбатни янада зиёдалаштириш, ҳамда асрлар оша биз мусулмонларнинг тарбия озуғи бўлган иймонни ва Яратган Аллоҳимизга бўлган муҳаббатни мустаҳкамлаш эҳтиёжини қондириш вазифаси ҳис этилди.

   Аллоҳ Хақ Табарока ва Таъоло бу ожизона бошлаётган ишимизга мададкор бўлсин, бу ишни хайрият ила ниҳоясига етказишимизга муваффақ этсин! “Хазиналар очқичи” номли рисолани ўқийдиган ҳар-бир мутаъаллимга Хақ Таъоло фойдали илм ато этиб, одоб-ҳулқи гўзал, тоатли ва билимли фарзандлар бўлишини насиб этсин!

... ... ...